АсосийJamiyat

Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш бўйича БМТ билан янги лойиҳани бошламоқчи

'Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш бўйича БМТ билан янги лойиҳани бошламоқчи'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдухакимов ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатдаги доимий вакили Хелена Фрейзер хоним ижтимоий ҳимоя бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Мазкур ҳужжат аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасидаги устувор йўналишларни белгилаб беради. 

БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонасидан маълум қилишларича, Қиймати икки миллион АҚШ долларига тенг бўлган қўшма лойиҳанинг асосий эътибори мамлакатдаги ижтимоий жиҳатдан энг заиф бўлган инсонларга қаратилади

Сўнгги йилларда Ўзбекистон йиллик ялпи ички маҳсулотининг 6-9% фоизини ижтимоий ҳимоя хизматларига йўналтириб келмоқда. Шунга қарамасдан тизим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатувчи тўсиқлар мавжуд. Масалан, ижтимоий ҳимоя вазифалари ҳозирги кунда бир нечта вазирликлар ва идоралар зиммасида. Бу эса, ҳимояга муҳтож инсонлар ва оилаларни танг вазиятлардан чиқариш учун зарур бўладиган умумий қарашлар ва комплекс ёндошувлар йўқлигига олиб келади. 

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, мамлакатда давом этаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар баъзи ижтимоий жиҳатдан заиф аҳоли қатламлари учун қисқа муддатли кучли таъсирни юзага келтириши мумкин. Шу боис бундай инсонларга кучли ижтимоий ҳимоя тизими орқали ёрдам кўрсатиш зарур. 

Бу борада, БМТ ҳамда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари мамлакатнинг ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш дастурини биргаликда амалга оширишга келишдилар. Дастурнинг мақсади юқори сифатли ижтимоий ҳимоя хизматлари барча инсонлар учун бутун умрлари давомида кўрсатилишини таъминлашдан иборат. Дастур асосий эътиборни қуйидаги учта устувор йўналишларга қаратади:

1.Ижтимоий ҳимоя бўйича ягона давлат органини ташкил этиш орқали ижтимоий ҳимоя вазифалари турли вазирликлар ва идоралар ўртасида тарқоқ ҳолда эканлиги муаммосини ҳал қилиш;

2.Халқаро стандартларга мос равишда кенг қамровли миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясини ишлаб чиқиш. Мазкур жараён ижтимоий ҳимоя тушунчасини хайрияга асосланган ёндошувдан инсон ҳуқуқларига асосланган ёндошув сифатида англашга ўтказишга урғу бериши кўзда тутилган;

3.Ногиронлиги бор инсонларга ижтимоий ҳимояни тақдим этишда “нафақалар + хизматлар” интеграллашган ёндошувини синов тариқасида амалга ошириш. Қўшма дастур Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳамда фаолиятнинг халқаро таснифини  жорий этиш орқали ногиронлар  ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлаш ва уларнинг ҳаётларини сезиларли даражада яхшилашга эътибор қаратади. 

Қўшма дастур БМТ томонидан молиялаштирилувчи 24 та муваффаққиятли лойиҳалардан бири бўлиб, уларни танлаш жараёнида жаъми 114 та таклиф ўрганиб чиқилди. Қўшма дастур кейинги икки йил давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош Прократура, турли вазирликлар ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари билан биргаликда амалга оширилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилишида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ўз тажрибалари ва салоҳиятлари доирасида кўмак берадилар. 

 

 

    Бошқа янгиликлар