1

“Авлоний”: декорация учун 3 та вокзал, 2 та 14 метрли поезд, битта пароход қурилди

МАДАНИЯТ 13.11.2019, 10:06
Теглар: Авлоний
“Авлоний”: декорация учун 3 та вокзал, 2 та 14 метрли поезд, битта пароход қурилди

 

“Ўзбеккино” миллий агентлигининг буюртмасига бинонан, жадидчилик ҳаракатининг намояндаларидан бири Абдулла Авлоний таваллудининг 140 йиллиги муносабати билан “Авлоний” тўлиқ метражли фильмини суратга олди. 

Фильм воқеаларига Тоҳир Маликнинг “Қалдирғоч” асари мотиви асос қилиб олинган.

Картинада Абдулла Авлонийнинг 1919 йилда Афғонистонга қилган дипломатик сафари ҳақида ҳикоя қилинади. 

Киноасарда Абдулла Авлоний роли Хоразм театри актёри Алишер Йўлдошевга ишониб топширилди ва яна маҳоратли актёрлардан Матёқуб Матчонов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Аброр Йўлдошев, Жавоҳир Зокировлар фильмнинг профессионал чиқишига ёрдам беришди.

Фильмни суратга олиш ишлари апрель ойида бошланиб, август ойида ниҳоясига етди. Сьёмка жараёнлари Хоразм, Қорақалпоғистон Қўқон ҳудудларида бўлиб ўтди. Ижодий гуруҳ катта масъулиятни ҳис қилиб, кенг қамровда ишлашди. 

Хусусан, 20 дан зиёд декорация: жумладан, 3 та вокзал, 2 та 14 метрли поезд, битта параход қурилди, 500дан зиёд костюм тикилди. 

“Фильм ижодкорларининг асосий мақсади Абдулла Авлоний образи тимсолида ўша даврда яшаб, фаолият юритган, миллат ва юрт учун курашган зиёлиларнинг ҳаётини кўрсатиш ва бу орқали бугунги кун ёшларида миллатга бўлган муҳаббат, аждодларга нисбатан фахр ва ғурур туйғуларини шакллантиришдан иборат”, дейди фильм режиссёри Музаффар Эркинов. 

Абдулла Авлоний – шоир, драматург, мураббий, илк дарсликлар муаллифи, ўзбек театрининг асосчиларидан бири, “Турон“ театр труппаси тузувчиси, Туркистоннинг Афғонистондаги биринчи мухтор элчиси ва мамлакат ривожи учун улкан ҳисса қўшган сиёсат арбоби ҳамда жўшқин қалбли ижодкор ҳам. 

Мана шундай халқпарвар, юртимизнинг юксалишига, тараққий этишига ва маданиятимизда улкан из қолдирган аждодимизни томошабинга кўрсатиш, унинг қалбида ватанга садоқат, инсонпарварлик туйғуларини сингдириш ва ҳар бир кўрувчига мана шундай аждодларга муносиб бўлиш – фильмнинг бош ғояси. 

Фильмнинг премьераси 6 декабрда бўлиши кутилмоқда. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1