Тўсиқли йўлакдан ўтиш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, мерганлик маҳоратини синовдан ўтказиш ва бошқа бир қанча маъёрлар бўйича хоразмлик ёшлар ўртасида янгича ҳарбий-спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Урганч шаҳридаги 10 та мактабнинг юқори синф ўқувчилари ўртасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг кубоги учун “Мангуберди издошлари” номли ҳарбий-спорт эстафетаси ўтказилди. Мусобақада битта жамоадан 3 нафардан ўғил ва қиз болалар иштирок этди.
Ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшларнинг таълим-тарбияси, бандлигини таъминлаш ҳамда уларни спортга кенг жалб этишга қаратиб илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил октябрь ойида Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга амалга оширган ташрифи давомида ёшлар ўртасида ҳарбий-спорт мусобақаларини кўпроқ ташкил этиш бўйича берилган топшириғига мувофиқ ўтказилмоқда.
Ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилган мазкур эстафета энди анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилиши режалаштирилган. Гарнизон миқёсидаги босқичда ғолибликни қўлга киритган учта энг кучли жамоа финал босқичига йўлланмани олиб, Нукус ва Урганч гарнизонлари ўртасида бўлиб ўтадиган ҳарбий округ қўмондонлигининг мутлақ ғолиблиги учун ўзаро баҳслашади.



Урганч гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ўтказилган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳамда уларнинг жисмонан баркамол бўлиб вояга етишига ҳисса қўшадиган мазкур эстафета қатнашчиларига омад тилади.
Ғолиб ва совриндор жамоалар округ қўшинлари қўмондонининг махсус совға ва кубоглари билан тақдирланди.



Ҳарбий-спорт эстафета доирасида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника намойиши бўлиб ўтди. Аскарлар ошхонасида ташкил этилган “Ҳарбийча тушлик” болаларда катта таассурот қолдирди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати






