Бугун Инсон ҳуқуқлари умумужаҳон декларацияси қабул қилинган кун. Шу муносабат билан бутун...
Бугун Инсон ҳуқуқлари умумужаҳон декларацияси қабул қилинган кун. Шу муносабат билан бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни кенг нишонланмоқда.
Ушбу муҳим сананинг тарихи, мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) Улуғбек МУҲАММАДИЕВ “Даракчи” мухбири билан суҳбатда шундай деди:
— Куни кеча Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигини кенг нишонладик. Давлат раҳбари мазкур кунда анъанага мувофиқ маъруза қилди. Маърузада инсон ҳуқуқлари масаласига алоҳида эътибор қаратилди. “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир”, деди Президент.
Конституция аслида шу мамлакатда яшовчи инсонларнинг ҳуқуқлари, манфаатларини қамраб олган Бош ҳужжатдир. Бошқа ҳужжатлар айнан шунга таяниши, асосланиши ва унинг доирасидан чиқиб кетмаслиги керак.
Яна бир муҳим сана бор-ки, бу — Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун. Айтиш керакки, Иккинчи жаҳон уруши бу ҳужжатнинг қабул қилинишига туртки бўлган ҳодисадир. Чунки бу уруш туфайли қанчадан-қанча инсонлар қурбон бўлди, қанчадан-қанча инсонларнинг бошига кулфатлар ёғилди, уларнинг ҳуқуқлари ҳам ваҳшиёна бузилди. Уруш тугагач, оқибатлари таҳлил қилингач, энди шундай фикрга келиндики, бу воқеалар бошқа такрорланмаслиги керак, инсонлар инсондай яшаши керак. Шу тариқа Декларация 1948 йил Париж шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси аъзолари томонидан қизғин тортишувлардан кейин қабул қилинди.
Декларацияда инсонларнинг илм олиш, меҳнат қилиш, дам олиш ва бошқа ҳуқуқлари акс этди. Деярли барча ривожланган давлатлар ўзлари қабул қилаётган Қонунлар, Конституцияиларни айнан Декларацияга мослаштирди. Шу жумладан, Ўзбекистон ҳам. Конституциямиз мазмунига эътибор қаратсак, Декларациядаги муҳим қоидалар акс этган. Яъни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, манфаатлари учун шароитлар яратиш каби барча соҳалар қамраб олинган.
Албатта, бу ҳақда сўз очганимизда Ўзбекистонда бу борада нима ишлар қилинмоқда, Қомусимизда мавжуд ҳолат ёки белгиланган нормалар бизнинг ҳаётимизда қандай акс этяпти ёки инсонлар унга қандай амал қиляпти, деган савол кўндаланг туради. Ўйлайманки, бу жуда тўғри. Ҳар бир инсон, у раҳбар бўлсин, оддий фуқаро бўлсин ўзига шу саволни бериши керак. Афсуски, Конституцияда, қонунларимизда белгиланган қоидаларга ҳар доим ҳам амал қилавермаймиз, кўп ҳолларда уларни бузиш ҳолатлари ҳам учрайди.
Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев билан тўлиқ суҳбатни “Даракчи” газетасининг навбатдаги сонларида ўқишингиз мумкин.