АсосийЖАМИЯТ

Қашқадарё вилоятида ЙҲХБ ходими интизомий жазо олиб юқори лавозимга ўтказилди. Бунга сабаб коррупциями ёки Президент қарорини бажармаслик?

Фуқаро Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ИИБ ЙҲХБ маъмурий амалиёт бўлими инспекторининг но...

'Қашқадарё вилоятида ЙҲХБ ходими интизомий жазо олиб юқори лавозимга ўтказилди. Бунга сабаб коррупциями ёки Президент қарорини бажармаслик?'ning rasmi

Фуқаро Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ИИБ ЙҲХБ маъмурий амалиёт бўлими инспекторининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлигига шикоят қилди.

Ушбу шикоят Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва қуйидагилар маълум қилинди.

Айтилишича (катта ихтимол билан хаммаси сапсата)

Яккабоғ тумани ИИБ ЙҲХБ собиқ маъмурий ишларни кўриш бўйича инспектори сержант Эргашев Боходир Эшқобилович Ўзбекистон Республикаси МЖтК ва ИИВ буйруқлари талабларини бузганлиги учун интизомий жазога тортилган.

Интизомий жазога тортилганидан тегишли хулоса чиқармасдан хизмат текшируви хулосаси тегишли бандлари ижросини таъминламасдан яъна бир бора хизмат интизомини бузган ва бунинг учун у эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб, бошқа ишга ўтказилган.

Жавоб хатида қайси ишга ўтказилганлиги очиқланмаган, суриштирувга кўра бугунги кунда ушбу ходим Яккабоғ тумани ИИБ ЙҲХБ автотранспорт воситаларини техник холати, улардан фойданиш қоидаларига амал қилинишини назорат этиш бўлимига катта инспектор бўлиб ишламоқда  

Агар шундай бўлса савол туғилади: нега интизомий жазога тортилган ходим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига асосан пастлаш ўрнига қарорга зид равишда юқорилади?

Фуқарога у хатолари учун ишдан озод қилинди бошқа ишга ўтказилди деб шараф билан маълум қилинди? Нега?

Аҳир қарорда юқори лавозимга ўтказиш, хизмат бўйича кўтарилиш ёки рағбатлантириш тартибида амалга оширилиши, интизомий жазо чораси сифатида эгаллаб турган лавозимидан озод этилганда эса паст лавозимга тайинланиши айтиб ўтилган-ку?

Нега бунга амал қилинмади? Нега?

Қолаверса Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳузуридаги “Сафдор ва сержантлар интизомий кенгаши” томонидан Эргашев Боходир Эшқобиловичга биринчи қилган ҳатоси учун Президент қарорини бузган ҳолда номуносиб интизомий жазо чораси белгиланган.  

Унга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини бузган ходимга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилмасдан, юклатилган вазифаларни ва бошлиқнинг топшириқларини бажармаган, хизмат кийимини кийиш ва фуқаролар ҳамда ҳамкасблари билан муомала маданияти қоидаларини бузган ходимларга нисбатан қўлланиладиган нотўғри “танбеҳ” жазоси берилган. Бу эса ходимнинг тегишли ҳулоса қилмаслигига ва яъна тегишли тартибларни бузишига олиб келган.

“Сафдор ва сержантлар интизомий кенгаши” томонидан жазо муносиб белгиланганда ходим амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлганлиги сабабли ушбу жазо бекор қилингунга қадар рағбатлантиришга, навбатдаги махсус унвон олишга ва юқори лавозимларга тайинланишга тақдим этилмаган бўлар эди.

Аввалги хатоси учун муносиб жазо олмаган ходим, тегишли хулоса чиқармай қайта айб қилди. Бунинг учун эса амалдаги «ҳайфсан» интизомий жазоси бўлган ходимларга нисбатан, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини такроран бузгани учун қўлланиладиган “қаттиқ ҳайфсан” интизомий жазо чораси берилиши ўрнига кўриб турганингиздек  “юқори лавозимга” яъни ишга ўтказилди.  

Во ажабо??? Тасаввур қилинг ҳайдовчи светафорнинг қизил чироғида қайта қайта ўтяпди-ю, у жазоланиш ўрнига унга рағбатлантириш, яна хам енгилликлар бериляпди. Зур эмасми бу а?

Буни қандай тушуниш керак? Бу Президент қарорини менсимасликми ёки коррупция аралашиб Президент қарори четга қолиб кетди дебми?

Мен пул олиб уни ишини ёпишган демайман, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги қонунида, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш бу “коррупция” эканлиги айтиб ўтилган. 

Шундай экан кимнидир ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб Эргашев Боходир Эшқобиловичга номоддий нафни яъни Президент қароридан четлаб ўтиб паст лавозим ўрнига юқори лавозим тақдим этиши бу коррупция.

Бизда Яккабоғ туман ИИБ ЙХХБ МАБнинг собиқ инспектори Эргашев Боходир Эшқобиловичга бошқа бир масала бўйича интизомий жазо чораси белгиланганлиги хақида хам маълумот мавжуд.

Кўриб турганингиздек ушбу ходим доимий равишда жазоланиб келган.(балки ёлғондандир, балки фуқарони шундай тинчлантирамиз хурсанд бўлиб юради деб ўйлашганми энди буниси бизга қоронғу)

Ички ишлар вазирлиги масъулларидан шуни сўраб қоламизки шунча жазоланишлар билан Эргашев Боходир Эшқобилович нега пастлаш ўрнига юқорилаяпди? жазоланишлар фақат қоғозда айтиладими амалда йўқми жазо? Президент қарорига нега амал қилинмаяпди? Бу ишда коррупцияга борми? Мухтарам Президентимизни ва Ички ишлар вазирининг қонунни бузган хар қандай ходим албатта муносиб жазоланади деган гаплари қаерда қолди?

Сизлардан ушбу ҳолатни ўрганиб чиқишингизни ва бу ишни, доимий равишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бузиб, интизомий жазо олиб келган Эргашев Баҳодир Эшқобиловичнинг нега Президент қарори талабларига асосан пастлаш ўрнига қарорга зид равишда юқорилаганлигига аниқлик киритиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ижросини таъминланишини, ходимни жазоси муносиб бўлишини ва у юқори эмас паст лавозимга ўтказилишини назоратга олишингизни сўраймиз.

Биз эса воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

М.Музаффаров


 

    Бошқа янгиликлар