АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тинчлик келишуви имзолангани тўғрисида аввал хабар берган эдик. Ушбу келишув имзоланганидан сўнг 14 ой ичида Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетади. Мазкур тинчлик келишувининг имзоланиши ҳақиқатдан ҳам муҳим тарихий воқеадир. Бу саъй-ҳаракатлар самарасида қўшни давлатда 40 йил деганда илк бора зўравонликка нуқта қўйиш имконияти яратилди.
Ўтган вақт мобайнида тахминан 2 миллион одам ҳалок бўлди, 4 миллиондан ортиқ афғонистонликлар қочоқ сифатида мамлакатдан чиқиб кетди. Энди эса келгусида таъминланадиган тинчлик ҳақидаги хабарлар натижасида миллионлаб афғон фуқаролари тинч, бехавотир яшай бошлайди.
Албатта, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва ушбу тинчлик битимини имзолашда шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг катта ҳиссаси бор. Айнан унинг ташаббуси билан ушбу тинчликни сақлаш жараёнларига туртки берилди.
Бу тарихий воқеа ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– АҚШ ва Афғонистон “Толибон” ҳаракати ўртасида муҳим ҳужжат – тинчлик шартномаси имзоланди. Икки томон ўртасида ўрнатилган келишувларнинг асосий шарти ўқ отиш, зўравонликни тўхтатиш ва Афғонистонда тинч музокараларни бошлашга қаратилган. Ушбу йўл 40 йил деганда илк бора очиб берилди. Ва айтиш лозимки, кейинги икки йилда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган Тошкент конференцияси бошланганидан буён жуда кўп ишлар қилинди. Шу билан бирга бу ишлар биринчидан, ҳали йирик давлатлар томонидан Ўзбекистоннинг бундай муаммоларни ҳал қилишига тўлиқ ишонч билдирилмаган мураккаб шароитларда амалга оширилди. Иккинчидан, бахс ва мунозаралар ҳам жуда кўп бўлган. Бироқ шундай бўлса ҳам Президентимизнинг қатъиятлилиги, мулоҳазакорлиги, реал ҳолатни тўғри баҳолай билгани сабабли биз катта муваффақиятга эришдик. Ва кейинги икки йилда Тошкентдан Дохагача бўлган, 40 йиллик Афғон уруши мобайнида босиб ўтилмаган катта йўлни босиб ўтдик.
Бунинг натижасида, биринчидан, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик ва фаровонлик камари шаклланмоқда. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Афғонистон йўналишида амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг аниқ самараси республикамиз хавфсизлигининг мустаҳкамланишидир.
Мен битта мисол келтирмоқчиман: Дохада бизнинг “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан учрашувимиз. Бу ҳаракатнинг вакиллари бизга улар томонидан ҳеч қачон Афғон тупроғида республикамизга қарши хавф туғилмаслигига ваъда беришди. Мен буни нима учун айтяпман. Чунки ҳозирда “эртага “Толибон” ҳаракати Марказий Осиёга, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам юриш бошлайди” деган айрим тахмин ҳамда “изоҳ”лар тарқалмоқда.
Ўйлайманки, бу хилдаги изоҳларни берувчилар асосли ҳулосага келишлари керак. Иккинчидан, бу билан бизнинг олдимизда савдо-сотиқ қилишга, маҳсулотларимиз экспортига, жанубий қўшниларимиз билан комммуникация алоқаларни ривожлантиришга улкан имкониятлар очилмоқда. Бу Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва айнан Афғонистон бозорига йўл демакдир.