1

“Ангрен” эркин иқтисодий ҳудудида 732,9 млн. долларлик инвестициялар ўзлаштирилди

ИҚТИСОДИЁТ 03.03.2020, 22:17
“Ангрен” эркин иқтисодий ҳудудида 732,9 млн. долларлик инвестициялар ўзлаштирилди

Оҳангарон туман ҳокимлигида вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Абдусаломов раислигида эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари Маъмурий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ангрен, Оҳангарон шаҳарлари ва Оҳангарон тумани ҳокимлари, сектор раҳбарлари, масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.

Унда “Ангрен” эркин иқтисодий ҳудудида жойлашган корхоналарнинг 2019 йил якунлари бўйича фаолиятига баҳо берилиб, экспорт мажбуриятларини бажармаган корхоналарнинг иши танқидий таҳлил этилди. 

Хусусан, 2020 йил февраль ойига қадар “Ангрен” ЭИҲ да 67 та лойиҳа ишга туширилган. Мазкур лойиҳалар доирасида 732,9 млн. долларлик инвестициялар, шу жумладан 283,0 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ва натижада 7100 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилган.

Жумладан, эркин иқтисодий ҳудудининг Ангрен шаҳар блокида 38 та, Оҳангарон шаҳар блокида 26 та лойиҳа ишга туширилган. Шунингдек, Оҳангарон тумани масъуллигида мазкур ҳудудда 3 та лойиҳа ишга туширилган. Уларнинг умумий қиймати 688 миллион АҚШ долларидан зиёд.

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳудудда умумий қиймати қарийб 144 миллион АҚШ доллари бўлган 21 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Натижада, 1730 та иш ўрни яратилди. 

Ўтган йил якунларига кўра “Ангрен” эркин иқтисодий ҳудудидаги корхоналар умумий ҳисобда 49,7 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилди. 

Маъмурий кенгаш йиғилишида тадбиркорликни ривожлантиришдаги тўсиқларни бартараф этиш, ер майдонидан унумли фойдаланмаётган корхоналарнинг ерларини давлат захирасига қайтариш, инвестицион мажбуриятларни назоратга олиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Масалан, “Ангрен” эркин иқтисодий ҳудудида фаолият кўрсатаётган, экспорт мажбурияти мавжуд бўлган 10 та корхона 2019 йилда экспорт билан мутлақо шуғулланмаган. Бундан ташқари, яна 7 та корхона ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатган.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Абдусаломов эркин иқтисодий ҳудуд субъекти бўлган корхоналарда юзага келган бундай шароитни танқидий таҳлил қилди ва тегишли кўрсатмаларни берди.

Йиғилишда “Ангрен” эркин иқтисодий ҳудудида 2020 йилда амалга ошириладиган ишлар, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, экспорт салоҳиятини янада юксалтириш бўйича режалаштирилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. 

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Тошкент вилоятидаги эркин иқтисодий ва кичик саноат ҳудудлари Маъмурий кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1