Қозоғистоннинг Қараганда вилоятида коронавирус инфекциясидан зарарланиш бўйича иккита ҳолат қайд этилди, деб хабар беради Tengrinews.
«Коронавирус инфекциясини юқтириб олиш бўйича яна бешта ҳолат қайд этилди. Бугунги кунга келиб мамлакатда 49 кишида коронавирус аниқланган. Олмаотада — 22, Нур-Султонда — 25 ва Қарағандада 2 та ҳолат қайд этилган», — дейилади Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Аниқланишича, Қарагандада коронавирусга чалинган фуқаролар — Минскдан учиб келган.
Олмаотада коронавирус билан касалланиш бўйича учта ҳолат аниқланган: 1982 йилда туғилган аёл, Берлиндан келган 41 ёшли аёл ҳамда Франциядан келган 23 ёшли фуқаро. Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда 860 киши стационар карантинда, 2611 киши уй карантинида сақланмоқда.
Бундан аввал Қозоғистонда ҳам оммавий тадбирлар бекор қилинди, мактаб ўқувчилари таътилга чиқарилди, давлат органлари хизматчиларига хорижга хизмат сафарига чиқиш чекланди. Мамлакатда коронавирус тарқалиши муносабати билан 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими жорий қилинган.