1

Наманганда вирус аниқланган бемор билан алоқада бўлган 54 киши изоляция қилинди

ЖАМИЯТ 26.03.2020, 17:32
Теглар: Наманган, коронавирус
Наманганда вирус аниқланган бемор билан алоқада бўлган 54 киши изоляция қилинди

Наманган шаҳрида 12 март куни Туркиядан келган ва 24 март куни коронавирус ташхиси қўйилган беморнинг оила аъзолари бўлган 11 киши ва у билан алоқада бўлган яна 43 киши карантинга жойлаштирилди.

Наманган вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вилоятда коронавирусга чалиниш ҳолати билан боғлиқ хабар юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, Наманган вилоятида 2020 йилнинг 24 март куни коронавирус инфекцияси тарқалган ҳудудлардан келган, яъни коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар билан мулоқотда бўлгани аниқланган 30 киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатуви учун ётқизилган ва уларнинг барчасидан вирусология лабораториясига текширув учун намуналар олинган.

Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораторияси таҳлил натижаларига кўра, Наманган шаҳрида яшовчи 1 нафар фуқародан олинган намуналарда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган. 

«Олиб борилган эпидемиологик суриштирувлар жараёнида 1995 йилда туғилган ушбу фуқаро 2020 йил 12 март куни Истанбул-Тошкент ТК-1368 рейси билан Ўзбекистонга келган ҳамда 24 мартгача уй шароитида тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кузатувга олингани маълум бўлди. Ушбу фуқаро тадбиркорлик учун Туркия давлатига бориб қайтгани аниқланди», дейилади Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда. 

Ҳозирги кунда ушбу фуқаро билан оилавий ва яқин мулоқотда бўлган 11 нафар фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилиб карантин кузатувига олинди. Шунингдек, у билан иккиламчи мулоқотда бўлган 43 нафар фуқаро махсус жиҳозланган изоляторларга жойлаштирилган.

Ҳозирда уларнинг соғлиги малакали мутахассислар томонидан назорат қилиб борилмоқда. 

Юқоридаги 54 кишидан вирусологик текширув учун намуналар олинган, ҳозирда лаборатория таҳлиллари давом эттирилмоқда. 

«Ушбу фуқаро билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Қўшимча маълумотлар тақдим этилади. 

Ҳурматли вилоятимиз фуқаролари! Сизларга телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар орқали короновирус тарқалишининг олдини олиш бўйича доимий тавсиялар бериб борилмоқда, биз сизлардан тиббиёт ходимлари томонидан берилаётган маслаҳатларга, тавсияларга амал қилишингизни, зарурат бўлмаган ҳолларда кўчага чиқмасликни, ўзингиз ва оила аъзоларингизда касалликнинг бирор аломати сезилганда хонадонингизга 103 телефон орқали тез тиббий ёрдам шифокорларини чақиришингизни сўраймиз», дейди вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимов.

Эслатиб ўтамиз, 25 март куни Наманган шаҳрига кириш ва шаҳардан чиқиш тўхтатилди.

Шарҳлар

Наманганда 7 нафар бемор соғайди. Жами 153 нафар инсон вирусни енгди

17.04.2020, 19:27

Кўп бор таъкидлаганимиздек, юртимиз бўйлаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш борасида минглаб тиббиёт ходимлари матонат билан меҳнат қилишмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан беморларнинг бутунлай соғайишига...
Наманганда эса 11 нафар бемор коронавирусни енгди

13.04.2020, 19:40

Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бугун яна коронавирус инфекциясига чалинган 11 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Соғайган беморларнинг...
Наманганда карантинга олинган фуқаролар ҳақида маълумот берилди

17.03.2020, 19:46

"Хабарингиз бор, коронавирус инфекциясининг дунё миқёсида кенг тарқалиб бораётганлиги сабабли хорижий давлатлардаги юртдошларимиз мунтазам равишда махсус рейсларда мамлакатимизга олиб келинмоқда.  Жумладан, Наманган халқаро аэропортига қўнган...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1