Ҳозирги кунда давлатимиз ва ҳукуматимизнинг кун тартибидаги асосий масала – бу коронавирус пандемиясини тезроқ бартараф этиш, миллат саломатлигини асраб қолишдир. 3 апрель куни Президентимиз ушбу масала бўйича навбатдаги мурожаат билан халқимизга юзланди.
COVID-19 инфекцияси юртимизда қайд этилгандан буён ҳар бир вилоят ва ҳудудларда унинг олдини олишга қаратилган барча имкониятлар ишга солинмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида бу борадаги таҳлилларни атрофлича мисоллар билан изоҳлар экан, коронавирусга чалинган бир гуруҳ ватандошларимизнинг даво топганини қайд этди.
Диагностика, даволаш, карантин ишлари даврида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланилаётгани, шифокорларимизнинг хорижий ҳамкасблари билан мунтазам видеомулоқотда бўлиб, фикр алмашаётгани мазкур пандемия кенг тарқалишининг олдини олишда катта самара бераётир.
Президентимиз ўз нутқида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган олижаноб шифокорларимизга миннатдорлик билдиргани халқимиз дилидаги ташаккурларни ифода этди.
Бугун ҳар биримиз мутахассисларнинг тавсиялари, хусусан, санитария-гигиена талабларига амал қилсак, мазкур пандемияни, албатта, енгиб ўтамиз.
Робахон МАҲМУДОВА, Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси.






