АсосийИҚТИСОДИЁТ

Халқ банки нақд пуллардан вақтинча фойдаланмай туришни сўраб халққа мурожаат қилди

Халқ банки гобал пандемия билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олиб, фуқаролар, журналист ва блог...

'Халқ банки нақд пуллардан вақтинча фойдаланмай туришни сўраб халққа мурожаат қилди'ning rasmi

Халқ банки гобал пандемия билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олиб, фуқаролар, журналист ва блогерларга мурожаат қилди. Бу мурожаатни батафсил эътиборингизга ҳавола этамиз.

"Бугун дунёда коронавирус пандемиясидан ҳимояланиш учун барча чоралар қўлланилмоқда. Ҳозиргача жаҳон бўйича вирус юқтириб олганлар сони 2 млн. нафарга яқинлашди. Вафот этганлар сони эса 126 минг нафардан ошиб кетди.

Ўзбекистонда эса 1214 кишида коронавирус аниқланган бўлса, шундан 4 нафар юртдошимиз вафот этди. 100 нафарга яқини бутунлай соғайиб кетди.

Ушбу касалликнинг ўзаро мулоқотдан тез юқишини инобатга олсак, гигиенага риоя қилиш бугуннинг энг долзарб масаласига айланди. Гигиена эса оддий: қўлни ювиб юриш,  очиқ тана аъзоларини ушламаслик, қучоқлашиб ёки қўл бериб кўришмаслик. Коронавирус айнан шу йўллар орқали тез юқмоқда.

Ўзбекистонда бу инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз раҳбари бошчилигида зарурий чоралар кўрилмоқда. Энг аввало, ишсиз қолган фуқароларимизга ёрдам бериш учун барча ресурслар сафарбар этилмоқда.

Шунингдек, нақд пулдан фойдаланиш ҳам кескин камайтирилмоқда. Чунки нақд пуллар вирус тарқалишининг энг асосий ва хавфли воситаси бўлиб турибди. Вируслар нақд пул ва тангалар орқали бир қўлдан бошқасига жуда тез ўтади. Буни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари ҳам буни тасдиқламоқда.

Тадқиқотларга кўра, қоғозда вирус 4-5 кунгача яшайди. Шундай экан, нақд пул орқали вирус тарқалиш хавфи жуда юқори.

Ҳукуматимиз шуни инобатга олиб, нақд пулдан фойдаланишни вақтинчалик чекламоқда. Хусусан, май ойидан бошлаб пенсия ва нафақа пуллари пластик карталарга туширилади. Бу ҳозирги вақтда энг тўғри ва хавфсиз йўл.

Бунда барча маҳаллаларда босқичма-босқич банкоматлар ўрнатилади. Нақд пуллар сақланадиган пул омборхоналари ва қайта санаш кассалари тез-тез дезинфекция қилинади.

Халқ банки апрель ойидан пенсия пулларини ҳар бир хонадонга етказиб бериш амалиётини жорий қилганди. Ҳозиргача республикамизнинг 90 фоиз пенсионерига маблағлар тарқатиб бўлинди. Аммо бу ҳолат бизни инфекциядан асрайди, дегани эмас. Шунинг учун имкон қадар нақд пуллардан вақтинчалик фойдаланмай туриш тавсия этилади.

Ижтимоий тармоқларда пенсия ва нафақа пулларининг пластик картага ўтказилишига  айримлар норозилик билдирмоқда. Бундан кўринадики, баъзи фуқароларимиз  ҳали ҳам коронавируснинг хавфини тўлиқ тушуниб етмаганлар. Шу мақсадда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни мазкур масаланинг моҳиятини аҳолига тўғри тушунтиришда ҳамкорликка чақириб қоламиз.

Бундан ташқари, рақамли техника асрида нақд пулдан фойдаланиш камайиб бормоқда. Одамлар онлайн хизматлардан фойдаланишни ўрганмоқда. Уйидан туриб барча тўловларни амалга оширмоқда. Бунда эса Xalq mobile иловаси уларга кўмакчи бўлмоқда.

Қадрли юрдошлар!

Халқ банки кўчага чиқмаслик, нақд пулдан фойдаланмаслик, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва уйда қолишни тавсия этади. Худо хоҳласа, биз бу касалликни биргаликда енгамиз!" – дейилади Халқ банкининг ҳаволасида.

Бошқа янгиликлар