Туркманистоннинг Туркманобод шаҳридаги карантин зонасида COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланган етти киши сақланаётгани маълум бўлди.
Расмий ОАВнинг таъкидлашича, Туркманистон COVID-19 етиб келмаган дунёдаги 20 га яқин давлат қаторига киради. Кўплаб материалларда бунга карантин чоралари вақтида қўлланилгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, расмий ОАВ ушбу чоралар ҳақида батафсил маълумот бермаган. Айрим маълумотларга кўра, Туркманистон мактабларида оммавий равишда COVID-19’га тест олиш бошланган.
Манбанинг сўзларига кўра, COVID-19 таҳлил натижалари ижобий чиққан етти фуқаро карантин зонасидаги алоҳида палатада сақланмоқда. Палата алоҳида кириш қисмига эга бўлиб, шаҳар санитария-эпидемиология станцияси ходимлари у ердаги тиббиёт ходимларини дезинфекция қилиб турмоқда. Беморларни даволашда H1N1 чўчқа гриппи вакцинасидан, шунингдек, кислород ёстиқчаларидан фойдаланилмоқда.






