COVID-19 касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида Туркияда дам олиш кунлари комендантлик соати жорий этилган. Бу ҳолат эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар давом эттирилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Келаётган дам олиш кунлари тақиқ 18-апрел соат 00:01 дан 19-апрел соат 24.00 гача амал қилади ҳамда Зонгулдак вилояти ва мамлакатнинг қуйидаги 30 йирик шаҳарлари аҳолисига таъсир қилади: Aнқара, Aдана, Aнталия, Aйдин, Баликесир, Денизли, Диярбакир, Ерзурум, Ескишеҳир, Газиантеп, Ҳатай, Истанбул, Измир, Каҳраманмараш, Кайсери, Кожаели, Коня, Малатя, Маниса, Мардин, Мерсин, Мугла, Ўрда, Сакаря, Самсун, Шанлиурфа, Текирдағ, Трабзон ва Ван.
Ушбу кунларда шифохоналар, дорихоналар, дори-дармон ишлаб чиқарадиган корхоналар, новвойхоналар, қариялар уйлари, реабилитация марказлари, тез ёрдам марказлари ва бошқа ихтисослашган муассасалар фаолияти давом этади.
Элчихона Туркия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини ушбу чекловларни ҳисобга олишга ва маҳаллий ҳокимиятнинг коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича барча талабларини бажаришга чақирди.






