АсосийЖамият

Самарқанддаги Узку қишлоғи харитадан тушиб қолганми ёки ҳокимнинг назариданми? Ёхуд карантин пайтида узкуликлар озиқ-овқатдан буткул узиб қўйилди?

Маълумки, қарийб бир ойдан буён Ўзбекистонда карантин шароити ҳукм сурмоқда. Аҳоли ҳаракат...

'Самарқанддаги Узку қишлоғи харитадан тушиб қолганми ёки ҳокимнинг назариданми? Ёхуд карантин пайтида узкуликлар озиқ-овқатдан буткул узиб қўйилди?'ning rasmi

Маълумки, қарийб бир ойдан буён Ўзбекистонда карантин шароити ҳукм сурмоқда. Аҳоли ҳаракатларини чеклаш ва одамлар гавжумлашишига йўл қўймаслик, шу билан бирга фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида барча ҳудудларда кўчма озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилмоқда.

 Бироқ, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Узку қишлоғи аҳолисидан мутасаддилар на хабар олишади ва на ҳол суришади.  Ушбу қишлоқдаги мавжуд аҳвол юзасидан "Даракчи" мухбири аҳоли дардини эшитди. 

Узкуликларнинг айтишича, улар эҳтиёжлари учун бозорга бормоқчи бўлсалар – йўллар ёпиқ. Кичкинагина бўлсада озиқ-овқат дўкони бўлмаган қишлоқда истиқомат қилиб келаётган аҳоли нима еб, нима ичаётгани билан бировнинг иши йўқ.

 – Телевизорда кўраяпмиз кўчма бозорлар чекка маҳаллаларга ҳам бормоқда. Бизку амаллаб кунимизни кўраяпмиз, лекин кам таъминланган, қийналиб яшаётган ёш оилалар бор. Улар жўжабирдек жон бўлса, шуларни уйлаб сиқилади одам. Қўни-қўшнилар, барака топишсин, хабар олиб турибмиз, шундай пайтда ҳол-аҳвол сўрамасак қачон сўраймиз”, – дейди қишлоқ кайвониларидан бири куюниб.

Суҳбатга Игамрайим ака ҳам қўшилди:

 – Қишлоғимиздаги муаммоларни телевизорда кўрсатишганида туман ҳокимият вакили баҳорда тузатиб берамиз, деб ваъдани қуюқ қилиб кетган эди. Мана баҳор ҳам келди, аммо улардан ҳамон дарак йўқ. Кўприк қачон таъмирланади бу ёғини Худо билади. Қулаб кетишидан ўзи асрасин ишқилиб!”

Қишлоққа кириб боришдаги кўприк ҳақида куюниб гапиришар экан, унинг аҳволи нафақат ачинарли, балки ҳаракат учун жуда ҳам хавфли эканлиги яққол билиниб турибди. "Балки йўлларимизнинг абгорлиги, кўприкнинг хавф-хатарга тўлалиги сабаб, бизни олдимизга келишдан қочаётгандир, "катталар", дея ўксишмоқда қишлоқ аҳолиси.

Уларнинг дардини эшитиб, биз ҳам ўйлаб қолдик: балки, Узку қишлоғи ростдан ҳам харитадан тушиб қолгандир, лекин, вилоят, туман ҳокимлари назаридан тушиб қолмаган бўлсинда, ишқилиб...

Зора, ҳам озиқ-овқатдан, ҳам эътибордан четда қолаётган узкуликлар дарди "тепадагилар"га етиб борса...

    Бошқа янгиликлар