Тинч океани тубидан “Chevrolet Silverado” русумли икки баҳайбат автомашинани кўтариб олишди. Бу пикаплар 2018 йил Австралия қирғоқларидан 25 километр олисда тасодифан юк кемаси саҳнидан тушиб кетган. Бу ҳақда Ўз А хабар бермоқда.
Автомобиллар Австралияга олиб кетилаётганди, яшил қитъада машиналарнинг бошқарув рули жойлашуви маҳаллий қоидаларга мослаб ўзгартирилиши лозим эди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, ҳар бир пикапнинг икки йил олдинги нархи етказиб бериш харажатлари билан қўшиб ҳисоблаганда 150 минг Австралия доллари (тахминан 945 миллион сўм)ни ташкил этган.
Ижтимоий тармоқ орқали тарқалган суратлардан кўриниб турибдики, сувга тушиб кетган ва уммон тубига чўккан пайтида автомобилларга жиддий зарар етган. Икки йил мобайнида шўр сув остида сақланиш эса машиналарни бир уюм металл қолдиғига айлантирган. Сув нафақат кузов ва ғилдиракларни, балки салонни ҳам ишдан чиқарган, чунки автомобиллар кемага ён ойналари очиқ ҳолда ортилган. Натижада пикаплар, деярли чириш ҳолатига етиб келган.
Табиийки, энди бу қимматбаҳо машиналар қолдиғи майдаланиб, қайта ишлаш корхоналарига топширилади.







