Хабарингиз бор, кейинги вақтларда айнан ун ва картошка нархини ошгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Уларнинг нархини барқарор ушлаб туриш учун қандай чоралар кўриляпти?
Бу ҳақида бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов маълумот бериб ўтди.
Унинг қайд этишича, давлат ресурсларидан ажратиладиган ун ҳажмларини биржа савдоларисиз арзон нархда истеъмолчиларга кафолатли етказиб берилиши таъминлашга киришилган.
Департамент органлари томонидан ун маҳсулотларини дон корхоналаридан тўғридан-тўғри харид қилувчилар рўйхатига:
— амалда ишламаётган савдо нуқталари,
— макарон ишлаб чиқарувчилар,
— новвойхоналар,
— биржада нархларни манипуляция қилган субъектларни киритилмаслик бўйича барча чоралар кўрилади.
“Республика бўйича картошкага бўлган талабнинг кескин ошгани ҳисобга олиниб, импорт қилинган картошканинг “биринчи қўл“ тамойили асосида марказлашган тарзда, манзилли равишда аҳолига етказиб бериш механизми йўлга қўйилди“ деди Фарҳод Очилов.
Карантин даврида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга — 24 780,4 тонна; Тошкент шаҳар деҳқон бозорлари, савдо тармоқлари ҳамда сайёр савдо шохобчаларига 5 500 тонна картошка етказиб берилган.
Бозорда муайян маҳсулотнинг нархи ошиш эҳтимоли пайдо бўлиши билан ўша маҳсулот миқдорини кўпайтириш орқали интервенция қилинган.
Жумладан, 15 март-17 апрель кунлари республика бўйича 16 000 тн картошка, 5 200 тн пиёз, 3 700 тн сабзи, 400 тн карам, 460 тн товуқ гўшти, 1150 тн гўшт, 8,3 млн дона тухум, 1 350 тн гуруч, 540 тн шакар ва 120 тн олма ишлаб чиқарувчилар нархида интервенция қилинди.




