Аввал хабар берганимиздек, ижтимоий тармоқларда “Янгийўл шаҳар Наврўз даҳасида жойлашган 4-уй олдида 3 нафар нотаниш шахслар дайди итларни отиб кетишмоқда”, деган изоҳлар билан хабар тарқатилган эди.
Шундан сўнг, Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ ва Янгийўл шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан мазкур ҳолат юзасидан тезкор суруштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Айни пайтда Олий суд Матбуот хизматининг darakchi.uzга маълум қилишича, 18 апрель куни Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар маъмурий судида ушбу воқеада иштирок этган фуқароларнинг суди бўлди.
Суд мажлисида тунда қурол кўтариб юрган Д.Салимов, А.Ҳамрақулов, А.Каримов айбларига иқрор бўлишган. Яъни, ҳақиқатдан ҳам улар 2020 йил 14 апрель куни соат 21-00 ларда Янгийўл шаҳар Наврўз даҳаси ҳудудида қўлларига “HATSAN STRIKER” номли спорт пневматик милтиқларини олиб, уларни хавфсиз жойга олиб боришётган бўлган. Ўша пайти қўшниси О.Гатаулина уларни қўл телефонига тасвирга олган. Аммо улар ушбу тир милтиқлари орқали ит овламаганини, ушбу милтиқни “Динамо” спорт дўконидан Д.Салимов шахсий эҳтиёжлари учун сотиб олгани айтган. Фуқароларнинг осойишталигини бузганлиги учун кечирим сўрашларини билдиришиб, суддан енгиллик беришни сўрашди.
Аммо воқеани тасвирга олган О.Гатаулина, ўғли ташқарида милтиқ овозидан қўрқиб кетганини айтган. Ўша пайтда деразадан пастга қараганида қўшнилари Д.Салимов, А.Ҳамрақулов ва А.Каримовлар қўлларидаги милтиқлари билан ит овлаб юрганини кўрганлигини айтди ва суддан ишни қонуний ҳал қилишини сўради.
Суд қарори билан Д.Салимов, А.Ҳамрақулов, А.Каримовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан 15 ўн беш кун маъмурий қамоқ ҳамда 4.460.000 сўм жарима жазоси тайинланди.






