Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин яқинда оғир операцияни бошдан ўтказиб, оғир аҳволда ётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ ушбу хабарнинг тўғрилигини ҳам, нотўғрилигини ҳам ҳеч ким тасдиқлай олмаяпти. Чунки Шимолий Кореянинг ўзида давлат раҳбарининг соғлиғи билан боғлиқ вазият ҳеч қачон ошкор этилмайди. Қолаверса, қўшни давлатлар ҳам бу борада жўяли бир янгиликни айта олмаяпти.
ЎзА ёзишича, Ким Чен Иннинг соғлиғи ҳақидаги хабарга Москва ҳам ўз муносабатини билдирди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Кремль КХДР йўлбошчиси Ким Чен Иннинг касаллиги ҳақидаги хабарни кўргани, аммо ушбу хабар ҳақиқатга қай даражада тўғри келиши борасида бир нарса айта олмаслигини, бу борада расмий маълумотларни кутиб қолаётганини маълум қилган.
“Биз матбуотда шундай хабарни кўрдик. Лекин ушбу хабар ҳақиқатга қай даражада яқин, билмаймиз. Расмий маълумотларни кутяпмиз“, — деди у.
Шимолий Корея раҳбарининг аҳволи билан боғлиқ хабар АҚШни ҳам эътиборсиз қолдирмади. Чунки кечагина Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин билан муносабатлари ҳали ҳам яхши эканини таъкидлаб, яқинда ундан ажойиб хат олгани билан мақтанган эди.
“Шимолий Корея яқинда қисқа масофага учадиган ракета синовини амалга оширди. Шу билан бирга, мен Ким Чен Индан ажойиб мактуб олдим. Ўйлашимча, у билан муносабатларимиз жуда яхши“, — деганди у Вашингтонда уюштирилган матбуот анжуманида журналистларга.
Энди эса АҚШ Ким Чен Иннинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида разведка етказган маълумотларни ўрганаётганини таъкидламоқда.
CNN тарқатган хабарда таъкидланишича, ҳозирда АҚШ Шимолий Корея раҳбарининг аҳволи жарроҳлик амалиётидан кейин ёмонлашгани ҳақидаги разведка маълумотларни ўрганмоқда.
Ўз навбатида, Жанубий Корея расмийлари ҳам Ким Чен Иннинг соғлигида жиддий муаммо пайдо бўлган, деб ҳисобламаслигини маълум қилди.
КХДР Давлат кенгаши раиси Ким Чен Иннинг соғлиғида муаммо борлиги ҳақидаги янгилик ҳақиқатдан узоқ. Бу борада эътиборни тортадиган бирор бир тенденция охирги пайтда кузатилмади, дейилади Жанубий Корея ҳукумати тарқатган манбаларда.
“Ким Чен Иннинг соғлиғи ёмонлашди, деб ўйлашга асос бўладиган ҳеч қандай янгилик менга маълум эмас“, — деди ҳукуматнинг Шимолий Корея йўналишига масъул бўлган манба.
Жанубий Корея президенти маъмурияти ҳам худди шундай фикрни билдирмоқда.






