Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида Ромитан, Пешкў ва Бухоро туманидаги 10 нафар ишсиз ёшларга қишлоқ хўжалик мини техникалари (мотокультиватор) олиб берилди. Бу ҳақда журналист Акбар Рустамов хабар қилди.
“Томарқачига кўмакчи” акциясидан кўзлаган мақсад вилоятдаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини томорқачилик тармоғига ишга жалб қилишдан иборат. Ушбу ёшлар энди ишчи гуруҳи томонидан аниқланган қаровсиз томорқа ерларини тартибга келтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор оиларга томорқачилик ишларида ёрдам бериш, шунингдек, экин экилмай фақат беда экилган ерларнинг ярмини бузиб, экин экишга тайёрлаш билан шуғулланадилар. Томорқачилик ишларига жалб қилинган ушбу ёшларга Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлимлари томонидан ойлик маош ҳам тўлаб борилади. Экин экиш ишлари тугагач, ушбу қишлоқ хўжалиги техникалари ёшларнинг ўзларига текинга берилади.
Ромитан тумани “Шўробод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаммадали Набиев шу пайтгача бир неча бор Россия Федерациясига иш излаб борган, аммо омади юришмай уйга қайтишга мажбур бўлган. Айни пайтда ҳам ишсиз бўлгани боис 4-сектор раҳбари Муҳаммадали Набиевнинг оилавий аҳволини ўрганиб, уни “Томарқачига кўмакчи” акцияси доирасида ишга таклиф қилди.

Ишга жалб қилинган ушбу ёшларнинг ёнига иш излаб юрган яна бир нафардан тажрибали фуқаролар жалб қилиниб, уларнинг ҳам иш билан бандлиги таъминланди. Бунинг натижасида улар отряд усулида бугуннинг ўзида 50 сотихдан ортиқ аҳоли томорқаларини ҳайдашни бошлаб юборишди.
Шу ўринда қишлоқ жойларида мотокультиватори бор фуқаролар аҳоли томарқасининг ҳар бир сотиғини 15 минг сўмдан ҳайдаб бераётганини инобатга олсак, ушбу ёшлар кунига 10 сотих ер ҳайдаса 150 минг сўм, ойига 4 ярим миллион сўм топади деганидир. Бундан ташқари, уларга Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлимлари томонидан 750 минг сўмдан ойлик маошлари ҳам берилади.
Маълумот учун: вилоят давлат солиқ бошқармаси Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида “Томарқачига кўмакчи” акцияси доирасида ҳудуддаги жами 100 нафар ёш жамоатчилик асосида ишга жалб қилинади.






