1

Дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди

ИҚТИСОДИЁТ 24.04.2020, 13:16
Дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди

Ўзбекистонда карантиннинг биринчи кунларидан давлат томонидан солиқ юкини енгиллаштириш борасида чоралар кўрила бошланди.

Иқтисодиёт тармоқларини коронавирус пандемиясининг салбий таъсири ва унинг оқибатларидан ҳимоя қилиш учун инқирозга қарши пухта ўйланган чоралар ишлаб чиқилди. Уларнинг аксарияти солиқ қарздорлиги ва тўлов муддатларига таъсир қилди.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли Фармонига кўра, 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди.

Бундан аввал таъсир чоралари кечикиш муддатига боғлиқ эди: муддати ўтган дебитор қарздорлик пайдо бўлган кундан бошлаб (яъни экспорт учун 120 кун ва операция бошлангандан кейин 180 кун) унинг 10, 20- ёки 70 фоизи эквиваленти миқдорида бевосита жарималар қўлланилар эди. Ушбу даврда давлат бюджетига 931,2 млрд. сўм миқдорида тўланиши керак эди. 3159 та хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳам айнан шунча миқдорда жарималар ҳисобланган. Aммо юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатга асосан улар қўлланилмади.

Ушбу янги тартиб асосида жарималардан озод этилганлар орасида «Muxiddin Fayz Servis» фермер хўжалиги (Бухоро вилояти) ҳам бор. 2019 йил 25 майда мазкур фермер хўжалиги томонидан Қозоғистонга 355 минг доллар миқдорида мева экспорт қилинганди. Aммо кўплаб мамлакатларда жорий этилган карантин чоралари туфайли, хорижий ҳамкоридан маҳсулот учун пул маблағлари ўз вақтида (2020 йил 23 мартгача - 120 кун + 180 кун) келиб тушмади.

Бундай ҳолда дебитор қарздорлик учун жарима иккинчи босқичда (180 банк кунидан кейин) келиб тушмаган 678,4 млн. сўм пул маблағининг 20 фоизи эквивалентида ҳисобланади. Aммо бу чора ПФ-5969-сонли Президент Фармони талабларига мувофиқ қўлланилмади.

Фарғона вилоятидаги корхоналардан бирига нисбатан ҳам жарима ҳисобланиши тўхтатилди. «Imron Progress Textile» МЧЖ Украина компанияси билан шиналар импорти бўйича 50,5 минг доллар миқдорида шартнома имзолаганди. Тўлов 2019 йил 30 июлда амалга оширилди.

Товарлар 2020 йил 26 январгача (муддат – 180 кун) ва карантин муносабати билан бугунги кунгача ҳам етказиб берилмади. Қўшимча шартлар муддати тугагандан сўнг (60 банк куни) 2020 йил 19 мартгача (26.01.2020+84) муддати ўтган дебитор қарздорлик учун 48,1 млн. сўм жарима ҳисобланиши лозим эди. Бу вазиятда ҳам чора кўрилмади.

Ўзбекистонда карантин муддати 2020 йил 10 майгача узайтирилди. Бундай мураккаб иқтисодий даврда давлат хўжалик юритувчи субъектларни хатарлар ва инқирозлардан ҳимоя қилиш йўлидан бормоқда.  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1