Қамариддин Шайхов, мухбир:
— Ҳар бир инсон ўз тақдири билан туғилади деймиз-у, аммо кези келганида уни ўзгартириш ўзимизнинг қўлимизда дея аввалги фикримизни инкор этамиз. Нега шундай? Чунки ақл ва юрак ҳамиша ҳам бир-бири билан «келишолмайди», курашади, баҳслашади. Бу курашнинг ҳосиласи эса ниятларимиз, олдимизга қўйган мақсадларимиз билан ҳар доим ҳам мос келавермайди. Суҳбатдошим Фаррух Соипов кино оламига кириб келганига 10 йил бўлди. Мана шу давр ичида босиб ўтган йўли ўша азалий ҳақиқат - ақл ва юрак курашининг ҳосиласидир. Актёр эса ўзини юрак амрини четга суриб, тафаккурига таяниб иш тутадиганлар сирасига қўшади.
— Бугунги суҳбатга сизни кўндириш жуда қийин бўлди. Аслида кимнинг гапига сўзсиз итоат қиласиз?
— Отамни...
— Худди “Сотқин” фильмидагидекми?
— Йўқ, “Сотқин”даги ҳолат ҳаётимга умуман ўхшамайди, ўхшамасин ҳам! Қаҳрамоним фильм давомида икки ўт орасида ёнади. Бир тарафда ота-онаси, яқинлари турса, иккинчи томонда Ватани... У вазият бундай жиддий тус олишини кутмаган эди. Отасининг фикрига, ёвуз мақсадларига қўшилмайди. Лекин уни сотмайди ҳам. Ҳар ҳолда ҳеч қайси фарзанд ота-онасини сотмайди-ку.
— Қаҳрамонингиз ўз дунёқараши, мақсадларига нисбатан хоинлик қилдими?
— Кўпчиликдан фильм бош қаҳрамони замонавий йигит, устига-устак журналист бўлса, жаҳонда кечаётган воқеликлардан хабардор бўла туриб, қандай қилиб бу йўлга кириб қолиши мумкин деган эътирозларни эшитдим. Диний экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолганлар орасида ақлли, зиёли ёшлар каммиди? Ё терорристлар орасида Ҳафизулло Омон каби кўпни кўрган, анча йиллик ҳаётий тажрибага эга, оқ билан қорани ажрата оладиганлар йўқми? Менимча бу йўл одам танламайди. Улар орасида дунё илми билан таниш, инсон рухиятини жуда кучли таҳлил эта оладиган экспертлар бор. Фильмдаги Ҳафизулло Омон образи орқали айнан шундай одамларни тасвирлашга урунилган. Фильмда у билан диологимиз чоғида ҳам мени айнан касбим нуқтаи назаридан суҳбатга тортади ва ўз ғояларини аста-секинлик билан сингдиришга урунади.
— Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг шундай мисралари бор.
Хайр, мени ташлаб кетгайсиз бир-бир,
Парда туширилди, томоша тамом.
Лекин саҳна узра ҳал бўлган тақдир,
Менинг юрагимда этади давом.
Сиз ролларингизда узоқ яшайсизми ё камера тугмачаси босилгач ҳолатдан чиқиб кета оласизми?
— Ҳолатдан чиқиб кетишингиз ҳам албатта ролга боғлиқ. “Сотқин”нинг юки оғир бўлди. Тўғриси бу ҳақида интервьюларда гапиришни истамасдим. (ўйланиб) Тасвирга олиш жараёнлари тугагач негадир кайфиятим тушиб кетади, одамлардан узоқроқ бўлишни хоҳлайман. Бу вазиятда энг тўғри йўл – ёлғизлик.
— Халқ учун ишлайдиган, томошабин учун хизмат қиладиган аксарият санъаткорлар саҳнадан ташқарида оммага юзланишдан қочишади...
— Буни гапириш осон лекин кўпчиликни орасида мени қандай юк босишини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз. Буни эса “юлдузлик касали”га чалиниш билан ўлчайдиганлар ҳам бор.
— 3-4 ойлаб кинотеатрларда турса ҳам томошабин назарига тушмаётган фильмлар бор. Лекин, “Сотқин” биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ тилга тушди. Ҳар қалай бу фильм ҳақида турли қарама-қарши фикрлар бўлди. Муҳими фильмдаги арзимас камчилик ёки хатолар эмас, аксинча ундан чиқарилган хулосада.
— Тўғри айтасиз. Бундай катта мавзу кўтарилганда истайсизми йўқми хато бўлиши тайин. Ва мен бу фильмнинг хатолари борлигини тан оламан. Бироқ, кино орқали актёр, режиссёр нима демоқчи? Шу саволга жавоб борми, демак баҳсни тўхтатиш керак. Юртни шаклланиши оиладан бошланади, оиланинг шаклланиши эса ота-онанинг тарбиясидан. Ота-оналарнинг лоқайдлиги, на дунёвий, на диний илмдан тўлиқ тушунчага эга эмаслиги сабаб фильмдагидек ҳолатлар юзага келяпти. Шукрки, тинч давлатда яшаяпмиз, фарзандларимиз чиройли ҳаёт кечиряпти. Деразани очишингиз билан юзингизга шабада урилиб, қушларнинг сайрагани эштилади. Ҳолбуки, дунёнинг кўплаб чеккаларида одамлар ўқ ва бомбалар гумбурлаши остида тонг оттиряпти. Шуларнинг ўзи етарли хулоса чиқаришга, шукр қилишга арзигулик сабаб эмасми? Қайнаб турган сувнинг иссиқлигига ишонч комил қилиш учун уни устимиздан қуйишимиз шарт эмас-ку. Фильмда ҳам айнан шу ғоя яъни сергак бўлиш, атрофдаги вазиятга лоқайд бўлмаслик олға сурилган.
— Кўп актёрлар сценарийни ёки режиссёрнинг ишини кўзи қиймай фильмдаги катта-катта камчиликларга кўз юмишга мажбур бўлади. Ана шу мажбурлик ҳисси сизда ҳам борми?
— Йўқ, мени ҳеч ким мажбурлай олмайди. Агар сценарий пухта бўлса, шу фильм томошабинларга маънавий озуыа беришига кўзим етса, демак рози бўламан. Баъзан тасвирга олиш жараёнлари ўртасига етганда сиз айтгандек режадан чиқиш бўлади. Бундай вазиятда бошлаган ишингизни охирига етказиб қўйиш учун ҳам фильмни рад этмасликка мажбур бўласиз. Лекин бирибир ўз принципларимга қарши бормайман. Режиссёрлар билан тортишиман, баҳслашаман. Бу ҳолатда мени қаҳрамоним бошқа йўлни тутган бўларди ёки бу гапни умуман айтмаган бўларди деб сценарийдаги баъзи қисмларни ўзгартиришга урунаман. Шунинг учун ҳам режиссёрлар мен билан ишлашга қийналишса керак.
— 10 йиллик тажрибага эга актёрсиз. Бу вақт давомида сизнинг ташриф қоғозингизга айланган фильмлар жуда кўп бўлди. Менимча улар орасида сизни актёр сифатида чархлайдигани йўқ.
— Буни ўзим ҳам биламан. Мен ҳалигача ўзимни актёр деб тан олмайман. Аввало бу йўналишда таҳсил олмадим. Кино соҳасида ҳамма нарсани тасвирга олиш майдонида ўргандим. Актёр бўлиш учун иқтидорнинг ўзи етарли-ку, дерсиз. Қайсидир маънода бу фикрда ҳам жон бор, лекин назарий билим бугун жуда кўп нарсани ҳал қилади. Балки, менинг ички имкониятларимни юзага чиқариб берадиган режиссёр билан ҳали ишлаб улгурмагандирман.
— Юридик соҳада таҳсил олгансиз. Кинога нима мақсадда киргандингиз-у қидирганингизни топдингизми?
— Рости нима мақсадда кирганимни эслолмайман. (ўйланиб) Бу саволга аниқ жавоб йўқдир, лекин бир нарсани биламанки шунчаки одамларни йиғлатиш ё кулдириш учун кинода роль ўйнашни хоҳламайман. Томошабин фильмни томоша қилганда ўзи учун қандайдир ибрат олсин, хулоса чиқарсин! Биз кино орқали тарихни яратяпмиз. Томошанбинлардан “Сизнинг фильмларингиз билан катта бўлдим” деган гапларни эшитаман. Бу жуда катта маъсулият. Битта роль билан қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига таъсир ўтказиш мумкин. Ролим орқали кимнингдир ҳаётига дахл қилишдан қўрқаман. Шунинг учун роль борасида жуда синчков ва инжиқман.
— Кимлардир айнан сизнинг ролингизга, саҳна ортидаги ҳаётингизга ҳавас қилиб, тақлид қилиб улғайларишини истармадингиз?
—Биладим, мен бошқаларга намуна бўла олармикинман?! Узоққа боришнинг ҳожати йўқ, шахсан ўзим фарзандларим менданда яхшироқ бўлиб вояга етишларини истаган бўлардим.
— Махатма Гандининг қуйидаги сўзларини жуда кўп ёдга оламан. “Дунёни ўзгартиришни истасангиз, буни ўзингиздан бошланг”. Афсуски ўзимизни ўзгартиришдан-да, мушкул иш йўқ. Сиз ўзингиздаги нимани ўзгартира олдингиз?
— Умримизнинг маълум бир босқичларида ҳар биримизда қандайдир ўзгаришлар кузатилиши табиий ҳол албатта. Оилали, фарзандли бўлганимдан кейин ўзгардим менимча. Аслида одамзод ўзгаришларга кўникиши жуда қийин кечади (ўйланиб). Билмадим, саволингизга жавоб беришим жуда қийин.
— Ҳаётингиздаги танловларнинг ҳаммасини доим ҳам ўз хоҳшингизга таяниб амалга оширганмисиз ёки бунда бошқаларнинг манфаатларини ҳам инобатга оласизми?
— Нимани исташимиздан қатъи назар тақдиримизда ёзилганидан қочиб қутилолмаймиз. Кино нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, мен кинони эмас аксинча кино мени танлади деган фикрдаман. Ўспиринлик вақтида кўпчилик нима хоҳлаётганини билмайди. Мен ҳам шу йўлни босиб ўтганман. “Нафс” номли фильмимда айнан шу нарсани олиб чиқишга ҳаракат қилгандим. Одамлар ўзи кўрмаган, билмаган нарсани, ёт бўлган ҳаётни орзу қилади-ку аслида у қандай бўлиши ҳақида тасаввурга эга эмас. Узоққа қўл чўзишимиз оқибатида ёнимиздаги бахтимизни йўқотиб қўйганимизни сезмаймиз.
— Ақл ва юрак ўртасидаги кураш ёш танламайди. Яшаяпмизки бу кураш авж олаверади. Бундай вазиятда нимадан овунасиз, ўзингизга қандай тасалли берасиз?!
— Кўнгилга қўйиб берсангиз жуда кўп нарсани хоҳлайди. Инсонни ҳайвондан фарқлайдиган жиҳати айнан ақл-идрокида. Ақлимиз – кўнгил хоҳишларимизнинг фильтри.
— Билишимча 10 йил аввал кинога ёниб кириб келган Фарруҳ билан бугунгиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Совугандексиз...
— (ўйланиб) Илк режиссёрлик ишим “Қалбим ўғриси” фильми экранларга чиққанда кинотеатрга бориб, томошабинларнинг нигоҳига қараб турардим. Ўшанда шу нарсага амин бўлганманки одамлар кинога маънавий озуқа олиш учун эмас, кўнгил очиш учун келади. Аксарият томошабинларга фильмнинг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган ғоя муҳим эмас. Шу нарсани тушуниб етганимдан кейин кинодан анча кўнглим совиди. Кинога нисбатан шахсий қарашим бор. Пул учун киносаноатга кирдингизми, сизнинг жойингиз бошқа ерда. Бошқаларга зарарингиз тегмасидан ўз вақтида истакларингизга қарши борганингиз маъқул. Кино бу жуда катта мафкуравий қурол. Биз бундан унумли фойдалана олмаяпмизми, демак қилаётган меҳнатларимизнинг бари беҳуда.
— “Эй, юрт” номли қўшиғингизни ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай ҳолатда эшита оламан. Гўё кўз ўнгимда жонли клип гавдаланаётгандек бўлади. Оддий, юракка яқин сўзлар... Менимча Фаррух Соипов қўшиқни ўзи учун ижро этади.
— Тўғри...
— Нега қўшиқчилик фаолиятини давом эттирмаяпсиз?
— Хоҳиш йўқ.
—Сизни кафтидек биладиган ва яхшию ёмонингиз билан бирдай қабул қила оладиган инсон борми?
— Турмуш ўртоғим. Унга бемалол дардимни ҳам, мени қийнаётган муаммоларни ҳам айта оламан.
— Суҳбатимиз 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида чоп этиляпти. Имконингиз бўлганда болалар учун қандай ташкилот очган бўлардингиз?
— (кулиб) Бу жуда қийин савол. Биласизми, дунё миқиёсида кунига 35 мингта бола очликдан вафот этади. 1 млрд. одам очлик ва қашшоқликдан азият чекяпти. 2 млрд. одам эса тоза сув ичиш бахтидан мосуво. Кўряпсизми, шукр қилишимизга арзирли сабаблар жуда кўп. Дунёни қўя турайлик... Ҳар бир инсон инсопарварлик ёрдамини, остонасидан қариндош уруғи, қўни-қўшни, маҳалласидан бошлаши керак.
— Айтганингиздек шукрона келтиришмизга сабаблар бисёр. Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Қамариддин ШАЙХОВ суҳбатлашди