АсосийЖАМИЯТ

Йўқолиб кетган миллатлардан бўлмайлик. Ёхуд  янги лойиҳа ўзбек тилида гапирадиган 90 фоиздан зиёд кўпчиликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган

Давлат тилида иш юритилмаганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкинлиги тўғрисидаги маълум...

'Йўқолиб кетган миллатлардан бўлмайлик. Ёхуд  янги лойиҳа ўзбек тилида гапирадиган 90 фоиздан зиёд кўпчиликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган'ning rasmi

Давлат тилида иш юритилмаганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкинлиги тўғрисидаги маълумот интернет фойдаланувчилари ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бир йил олдин ҳам давлат тили атрофида шундай оммавий резонанс ҳолатини кузатган эдик. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 7 боб, 29 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилгандан сўнг, «Вести.уз» сайтида бир қатор фуқаролар Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифини илгари сурган эди. Аслида, бундай “ташаббуслар” ортида юртимизда тинч-тотув яшаб келаётган миллат ва элатлар ўртасида нифоқ солиш ҳамда жамиятни пароканда қилиш мақсади яширинганлиги сир эмас. 

Аслида, ўзбек халқидек бағрикенг ва соддадил халқ бўлмаса керак. Тасаввур қилинг, темир йўл чиптасини олмоқчи бўлиб сотувчига мурожаат қилган танти инсон, сотувчи унга ўзбек тилини билмаслиги айтиб қўрслик билан дарчани ёпиб қўйганда, ҳижолат билан “ким ёрдам бераркин” деб мулзам боқиб туришини кузатиб туришнинг ўзи фожиа эмасми? Ўз юртида рус тилини билмаганлиги учун камситилишининг ўзи фожиа эмасми? Бундай мисолларни сиз ҳам кўп бор кузатгансиз, албатта. 

Аслида, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш бўйича қатъий қадамлар анча олдин ташланганди. Бош қомусимиз ҳамда давлат тилига оид қонун ҳужжатлари бунда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Бу борада, 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши ўзбек тилининг тарихий ғалабаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Унда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиш, Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил этиш, Атамалар комиссияси, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш каби вазифаларнинг белгиланиши ватанпарвар зиёлиларимиз орзуларининг рўёби сифатида эътироф этиш мумкин.

Демак, давлат тилида иш юритилмаганлик учун жавобгарлик белгиланиши масаласи узоқ ва пухта ўйланган стратегия. Бу мустақил давлатчилигимизнинг ривожланиш йўлидаги олдинга ташланган яна бир мустаҳкам қадамдир. 

Бутун дунёда глобализация сабаб айрим давлатларда иккинчи халқ тилидан фойдаланишга уринаётгани боис тиллар йўқолаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида  турибди. 

Бугунги кунда дунё мамлакатларининг 75 % ида миллий тилни ҳимоя қилиш мақсадида тилга оид давлат сиёсати мавжуд. Аксарият давлатларда муайян халқ тилини давлат тили деб эътироф этилиши давлат тилининг давлат бошқарувида, суд иш юритувида ҳамда иш юритишда мажбурий тартибда юритилишини англатади. 

Масалан, Германия Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунда маъмурий органга фақат немис тилида мурожаат қилиш шартлиги тўғрисидаги норма белгиланган. Германия фуқаролиги тўғрисидаги қонунда фуқаролар “немислар” деган тушунча билан ифодаланади. Немис тилини лозим даражада билиш Германия фуқаролигига қабул қилинишнинг  муҳим шарти сифатида белгиланган.  

Европанинг “маданий маркази” бўлган Франция учун француз тили миллий қадрият кабидир. Шу сабабли фаранглар юртида кўча-куйда давлат тилидан бошқа ёзувни кўрмайсиз. Қўшимчасига бу қадрият қонун билан мустаҳкамланган. Давлат тилига оид нормани бузиш жисмоний шахсга оилавий бюджетнинг 700 евросидан маҳрум бўлишга олиб келади. Табиийки, меҳнат муносабатларида ҳам фаранглар тўлиқ она тилида иш юритишади.   

Албатта, мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бундан кейин ҳам давлатимиз учун устувор бўлиб қолади.Таклиф этилаётган норма она тилимизнинг нуфузини янада ошириш баробарида мамлакатимиз умумий  аҳолисининг ўзбек тилида гапирадиган 90 фоиздан зиёд кўпчиликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”

Тошкент давлат юридик 

университети катта ўқитувчиси

Бекзод Нариманов

Мавзуга доир:

"Ўзбекистонда хокимият ва халқ бир тилда ишлаши керак". Алишер Қодиров "аюҳаннос солаётганлар"га жавоб қайтарди.

 

"Лаънати пропаганда!" Хушнуд Худойбердиев давлат тили борасидаги лойиҳани "оёғини осмондан қилиб" етказаётганларга жавоб қайтарди.

 

Францияда тил қонунини бузганлар 3750 еврогача жарима тўлайди ёки мулкидан ажралади! Ёхуд дунё давлатлари мисолида тадқиқот.

 

 

    Бошқа янгиликлар