Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ва унинг турмуш ўртоғи Керри Симондс ўғил фарзандлик бўлдилар. Бу ҳақда “BBC News”га асосланиб Қалампир хабар бермоқда.
Симондс 29 апрель куни Лондондаги клиникада ўғил туғди. Бош вазирнинг матбуот котибининг айтишича, она ва бола яхши аҳволда. Эр-хотин шифокорларга ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди.
Жонсон 55 ёшда. Янги туғилган чақалоқ унинг олтинчи фарзанди бўлди. Амалдаги Бош вазир охирги марта ўн йил олдин фарзанд кўрганди.
Эслатиб ўтамиз, Борис Жонсон яқинда коронавирусдан соғайиб чиқди. У 5 апрель куни Жонсон ҳарорат кўтарилиши сабабли шифохонага ётқизилганди. 6 апрель куни унинг аҳволи ёмонлашди ва интенсив терапияга ўтказилди. Хавф ортга чекиниб, 12 апрелда Жонсонга шифохонадан жавоб берилди.






