Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни ёқилғи-энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, энергия сарфини оптималлаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда таъкидланишича, мамлакатимизда иқтисодиётни кескин ривожлантириш бўйича катта мақсадлар белгиланган. Бунинг учун янги энергия қувватларини ишга тушириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш талаб этилади.
Масалан, юртимизда минг долларлик ялпи ички маҳсулот яратиш учун ривожланган давлатларга нисбатан 2-3 баробар кўп энергия сарфланади. Нефть маҳсулотларига йиллик талабнинг 44 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда.
Шу боис йиғилишда яқин йилларда энергия сарфини 2-2,5 баробарга қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.
Оммабоп қишлоқ хўжалиги техникаси ва юк автомобилларини газга мослашган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йил якунигача 3 та пропан-бутан аралашмаси ҳамда синтетик ёқилғи (GTL) заводи ишга туширилиши қайд этилди. Бунинг натижасида авиакеросин, дизель ва суюлтирилган газ импорти тўлиқ қисқаради.






