Қайта тикланувчи энергия манбалари – ҳали тўла фойдаланилмаётган улкан резервлардан бири. Албатта, бу йўналиш бошида катта харажат талаб қилади. Лекин, бу келажакда табиий газ ва нефть танқислигини ҳал қилиш, истеъмолчилар учун эса сарф-харажатларни камида 2 баробар тежаш имконини берса, ўзини оқлайди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида бугун, 4 май куни ёқилғи-энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, энергия сарфини оптималлаштириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда қайд этилди.
Мисол учун, агар 150 мингта хонадонга қуёш панеллари ва сув иситиш тизимлари ўрнатилса, йилига 319 миллион куб метр табиий газни тежаса бўлади.
Йиғилишда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш, қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, жаҳон тажрибаси асосида истеъмолчиларга қўшимча шарт-шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди. Соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш, вилоятларда қуёш фотоэлектр ва шамол электр станциялари қуришга доир масалалар кўриб чиқилди.
Электр энергияси ҳамда табиий газ сарфини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини янада кенг жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Карантин сабабли ёқилғи-энергетика корхоналарида маблағ танқислиги вужудга келишини инобатга олиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, айланма маблағларини кўпайтириш чора-тадбирлари белгиланди.






