Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Мустақиллик кўчасида “Ласетти” ва асфальт ётқизиш машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлган, натижада бир киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар қилади.
ЙТҲ жорий йилнинг 4 май куни соат 21:20ларда юз берган. “Ласетти” ҳайдовчиси 1989 йилда туғилган А.С. автомобилини юқори тезликда бошқариб кетаётиб, йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган, ҳаракатда бўлмаган “Йўл қурилиш унитар” корхонасига тегишли бўлган асфальт ётқизиш машинасига урилган.
Ҳайдовчи А.С. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Унинг йўловчиси 1986 йилда туғилган А.П. эса тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Ғузор тумани ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.



Фото: ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати






