Жорий йилнинг 5 май кунига ўтар кечаси Москва областидаги Раменское туманида электр симларининг носозлиги сабабли муҳожирлар ётоқхонаси ёниб кетди. Олти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, қолган фуқаролар омон қолди.
Дурниха қишлоғида ёниб кетган икки қаватли уй (майдони 200 метр) илгари маҳаллий аҳоли вакилига тегишли бўлган, аммо бундан бир неча йил олдин уй мигрантлар учун ётоқхона барпо этган тадбиркорга сотилган. Бундан ташқари, мигрантлар учун бир нечта яшаш вагонлари ер майдонининг ўзида ўрнатилган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, ётоқхонада ҳаммаси бўлиб элликка яқин одам бўлган. Сўнгги вақтларда изоляция туфайли мигрантлар уйни деярли тарк этмаган.
Ёнғин ҳақида маълумот фавқулодда хизматларга соат 04:21 да келиб тушган. Дастлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, кейин шифокорлар воқеа жойига етиб борган. Ёғочдан қурилган иккинчи қават бутунлай ёниб кетган. Уч нафар эркак ва уч нафар аёл вафот этган: улар биринчи қаватга қулаб тушган. Аниқланишича, ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, уларнинг ёши тахминан 30 лар атрофида бўлгани айтилмоқда.
Ҳозирда терговчилар мигрантларнинг Россия ҳудудида бўлгани қонунийлигини текширишмоқда. Бундан ташқари, терговчилар уй эгасини сўроқ қилишади. Уй электр ускуналар ёрдамида иситилган, шунинг учун содир бўлган ҳодисанинг асосий версияси - симлардаги туташув. Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланмоқда.
Россия Тергов қўмитаси Москва области бўйича бош бошқармаси раҳбарининг катта ёрдамчиси Ольга Врадий сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган.






