Аввал хабар берганимиздек, Китоб туманида кронавирус билан касалланганлик бўйича гумонланиш ҳолати қайд этилгани сабаби билан 31 май кунидан бошлаб ҳудуд карантинга олинган эди. Ўша шубҳадаги шахс вафот этган бўлиб, ССВ марҳумда коронавирус инфекцияси аниқланмаганини, бемор бошқа касалликдан вафот этганини маълум қилди. Бироқ, айни пайтга қадар Китоб туманида кучайтирилган тартибдаги карантин тадбирлари олиб борилмоқда. Ушбу ҳолат эса касаллик аниқланмаган бўлса, нега ҳудуд шу қадар қатъий карантинга олинмоқда деган турли савол ва тушунмовчиликлар, шунингдек, турли шубҳаларга сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда Китоб тумани ҳокими туман билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаат билан чиқди:
"Ўзингиз гувоҳи бўляпсизки, бир неча кундан буён туманимиз ҳудудида коронавирус касаллигини юқиши хавфининг олдини олиш учун КАРАНТИН талаблари маълум даражада кучайтирилди.
Бунинг, ортидан аҳоли ўртасида асоссиз мулоҳазалар юритиш ва бироз ваҳимага берилиш ҳолати кузатилмоқда.
Ҳақиқатга тик қараш ва вазиятни тўғри талқин қилиш, касаллик юқтириб олмаслик учун эълон қилинган тавсияларни ҳар биримиз ўз шахсимиз мисолида бажаришимиз аввало, бу — саломатлигимиз кафолати бўлиб хизмат қилади.
Санитария - гигиена қоидалари ва кўчада ҳаракатланиш тартибига амал қилмаслик муаммонинг юзага келиши ҳамда КАРАНТИН МУДДАТИНИ узайтиришга сабаб бўлади.
Ҳокимликнинг ижтимоий тармоқдаги каналлари орқали берилаётган маълумотлар ҳар тарафлама асосланган расмий ахборот ҳисобланади.
Вирус билан ҳазиллашиш ёки аҳолидан ниманидир яшириш эса тушунмовчиликни кўпайтириши ва хавфни ошириши мумкин, холос!
Туманимиздан бир неча фуқаролар вақтинчалик карантинга олинган бўлиб,уларнинг таҳлил натижалари кутилмоқда.
Бундай вазият, ҳар томонлама ҳушёрликни оширишни, бошқалар саломатлигини қаттиқ ҳимоя қилишни тақозо этади.
Мен, туман ҳокими сифатида шуни айтишим мумкинки, бугунги кунда туман ҳудудида кучайтирилган карантин ҳолати фақат ва фақат профилактика, яъни ЭҲТИЁТ ЧОРАСИ, тарзида амалга оширилаётган тадбирлардир.
ҲОЗИРЧА, ВАҲИМАГА ЎРИН ЙЎҚ‼️
Аммо такрор бўлса ҳам айтаман, албатта, ҳар бирингиз ўзингиз ва оилангиз соғлиги учун туман ҳудудида амал қилиб турган тартибга риоя этишингиз талаб этилади", дейилади туман ҳокими Алишер Зокиров мурожаатида.






