Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Тошкент шаҳрида Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси “Санкт-Петербург давлат университети” филиалини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Университет филиалида дастлабки босқичда қуйидаги йўналишларда мутахассислар тайёрланади:
Филология (шарқ тиллари бўйича)
2. Мамлакатшунослик ва хорижий мамлакатлар иқтисодиёти (шарқ мамлакатлари бўйича)
3. Биотиббиёт (кимё, биология, физика, психология ва бошқалар.)
Филиалда таълим Россия қонунчилигига мувофиқ, Санкт-Петербург давлат университети томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлари асосида белгиланган таълим стандартларига мос равишда рус тилида олиб борилади.
Битирувчиларга Ўзбекистоннинг олий таълим тўғрисидаги ҳужжати сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги Университет дипломи берилади.
Филиалнинг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилари 5 йил муддатдан кам бўлмаган кейинги мажбурий ишлаб бериш учун республика муассасаларига ишга тақсимланади.
Янги университетда бу йил биринчи талабаларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Филиал Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, М.Ойбек кўчаси, 16-А-уй манзилида жойлашган биносига тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қоплаган ҳолда “нол” ставкадаги ижара тўлови асосида жойлаштирилади.






