Эрон генерали Қосим Сулаймонийнинг бир жойдан бошқа жойга ҳаракатланиши тўғрисидаги маълумотларни АҚШ разведкасига етказиб берганликда айбланаётган Маҳмуд Мусавий Мажд ўлимга ҳукм қилинди. Бу ҳақда ria.ru хабар берди.
Таъкидланишича, Маждни Америка Марказий разведка бошқармаси (ЦРУ) ва Исроилнинг «Моссад» радведкаси жосуси деб аташмоқда. «У Америка доллари учун Эрон инқилоб посбонлари корпусининг «Қудс» кучларида жосуслик ишлари билан шуғулланган ва душманларга Қосим Сулаймонийнинг бир жойдан бошқа жойга ҳаракатланиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этган», - деган суд ҳокимияти расмий вакили Гуломҳусайн Исмоилий.
Тез орада ҳукм ижро этилиши таъкидланмоқда.
АҚШ 3 январь куни Бағдодда Эрон генерали Сулаймонийни йўқ қилиш бўйича ҳарбий амалиёт ўтказди. Бунга жавобан Эрон АҚШ ҳарбийлари жойлашган Ироқдаги базага ракета зарбасини берди. Аввалига АҚШ президенти Дональд Трамп ва Пентагон раҳбари ҳужум оқибатида жабрланганлар йўқлигини маълум қилди. Кейинчалик жабрланганлар борлиги тан олинди.






