1

Президент долзарб масалада йиғилиш ўтказди

СИЁСАТ 09.06.2020, 22:33
Президент долзарб масалада йиғилиш ўтказди

Бугун, 9 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Йиғилишда давлат раҳбари янгича ёндашув ва инструментларни қўллаш орқали жорий йил иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлаш учун барча имкониятлар борлигини таъкидлади.

Бюджет тушуми ва харажатларини оптималлаштириш топширилди. Корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ҳисобига қўшимча даромадларни таъминлаш, ташқи қарз битимларини тузишда белгиланган чекловдан ошмаслик бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, давлат раҳбари Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириб, муҳтожларга кўмаклашиш тизимини яратиш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди. Давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабаларни 3  йил муддатга шундай ҳудудларга меҳнат фаолияти учун йўналтириш таклифи билдирилди.

Юқори технологияли тармоқларда кичик бизнес ҳиссаси камлиги қайд этилиб, бундай субъектларни давлат томонидан рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қисқа ва ўрта муддатда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1