1

Сохта адвокат қўлга тушди

ЖИНОЯТ 11.06.2020, 12:30
Сохта адвокат қўлга тушди

Муқаддам 5 маротаба судланиб ҳам тегишли хулоса чиқармаган вақтинча ишсиз бўлган фуқаро яна эски “ҳунари”ни қўймади. У хавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишни мақсад қилди...

2019 йил февралда тахминан соат 19:00 ларда Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли метро бекати яқинида жойлашган кафеда бўлган бир аёлнинг ишончига киради. Ўзини адвокат сифатида таништириб, Қашқардарё вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган укасига нисбатан жиноят иши бўйича адвокат сифатида қатнашиб, укасини озодликка чиқаришда ёрдам беришини ваъда қилади. Аёлдан 2.400 АҚШ доллари миқдорда пул ҳамда 2019 йил 14 март куни Чилонзор туманидаги Олмазор метро бекатини яқинидаги автошоҳбекатда аёлнинг қариндошлари томонидан Термез-Тошкент йўналиши бўйлаб қатнайдиган такси ҳайдовчиси орқали 1.300 АҚШ доллари миқдорда пулларни олади. Берган ваъдасини бажармай, олган жами 3.700 АҚШ долларини ўзининг шахсий эхтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Марказий банкнинг маълумотига кўра, 2019 йил 13 февраль ҳолатига 1 АҚШ долларининг миллий валюта сўмга нисбатан қиймати 8395,15 сўмни, 3700 АҚШ доллари 31.062.055 сўмни ташкил этган.

                      “ЖАМИ 3.700 АҚШ ДОЛЛАРНИ ЎЗ ЭҲТИЁЖЛАРИМ УЧУН САРФЛАБ ЮБОРДИМ”

Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлди...

2018 йил тахминан январда Тергов ҳибсхонасида сақланган вақтимда бир йигит билан танишиб қолгандим. Йигитни ўзимга нисбатан жиноят иши бўйича оқланганимни айтиб алдаганман. Шунда у “менга ҳам ёрдам беринг”, деди. “Озодликка чиққанимдан сўнг, сени жиноят ишинг билан ўзим танишиб, оқланишингга ёрдам бераман”, дея жавоб қайтардим. Озодликка чиққанимдан сўнг, 2019 йил тахминан январда йигитнинг опаси менга қўнғироқ қилиб, укасининг иши юзасидан учрашишни таклиф қилди. 2019 йил тахминан февралда учрашдик. Ёрдам беришимни сўраганида, аёлга ўзимни адвокат сифатида таништирдим. Укасига оид жиноят иши билан шахсан ўзим танишиб чиқиб, унинг оқланиб озодликка чиқишида ёрдам беришни ваъда қилдим. Эвазига эса унга хизмат ҳақини олдиндан бериши кераклигини айтдим. Шу вақтнинг ўзида 2.400 АҚШ доллари олдим. Аслида адвокат эмасдим, укасига оид иш бўйича ҳеч қандай ҳаракат қилмаганман. Пулларни эса ўз эҳтиёжларим учун сарфлаганман. Орадан вақт ўтиб, 2019 йил мартда шахсий эхтиёжларим учун яна пул зарур бўлганида аёлга қўнғироқ қилдим. Укасининг иши бўйича хизматим учун 2000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтдим. Аёл пули йўқлигини, лекин қариндошларидан қарзга пул сўраб бериши мумкинлигини айтди. Шу тариқа 2019 йил 13 мартда аёл менга 1.300 АҚШ долларни куёви такси орқали бериб юбораётганини айтди. Куёви билан телефонда гаплашиб, эртаси куни эрталаб, Чилонзор туманидаги Олмазор метро бекати ёнида жойлашган автошохбекатда Тошкент–Термез йўналиши бўйлаб қатнайдиган такси ҳайдовчисидан пулларни олдим. Жами 3.700 АҚШ долларни ўз эҳтиёжларим учун сарфлаб юбордим. Ҳозирда қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Жабрланувчига нисбатан етказилган зарар тўлиқ қопланган.

Фаррух  ТУРАХОДЖАЕВ, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси:

— Судланувчи ЖК 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташлик учун ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

                                                                                                                         Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1