АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинликлар соҳасидаги илгарилашни эътироф этди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги.
2020 йил 10 июнь куни АҚШ Давлат департаменти 2019 йил учун диний эркинлик тўғрисидаги навбатдаги маърузасини эълон қилди. Унда дунёда эътиқод эркинлиги ҳолати баҳоланган.
Ҳужжат ҳар йили нашр этилади ва унинг асосида АҚШ Давлат котиби у ёки бу мамлакатни “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар” рўйхатига қўшиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Давлат котиби Майкл Помпео ҳисоботни тақдим этар экан, АҚШ ташқи сиёсати кун тартибида диний эркинликни таъминлаш масаласи устувор эканлигини таъкидлади ва бир қатор мамлакатлардаги ҳолатга баҳо берди.
Диний эркинлик соҳасидаги ижобий тенденциялар ҳақида сўзлар экан, Давлат департаменти раҳбари Ўзбекистон эришган ўзгаришни алоҳида қайд этди.
“Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича жиддий қадамлар қўйилди ва бу қадамлар давом этмоқда. Жорий йил бошида ушбу мамлакатда бўлганимда, мен диний етакчилар билан ажойиб суҳбат қилган эдим”, – деди Майкл Помпео.
“Биз 2019 йилда рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳларга қарши бирорта ҳам ҳуқуқ-тартибот рейдини қайд этмадик, 2018 йил билан солиштирганда ушбу кўрсаткич 114 тани, 2017 йилда эса 240 тани ташкил этган. Бу улкан муваффақият, ҳақиқий ўзгариш”, – дея таъкидлади АҚШ Давлат котиби.
Алоҳида сўзга чиққан Диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчи Самуэл Браунбек ҳам қатор ўзгаришлар туфайли Ўзбекистон диний эркинликлар соҳасида алоҳида ташвиш уйғотувчи давлатлар рўйхатидан чиқарилганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил декабрь ойида Давлат департаменти раҳбари ўз қарори билан Ўзбекистонни ушбу тоифадан расман чиқарган ва шу билан мамлакатнинг диний эркинликни таъминлаш борасидаги салмоқли ютуқларини эътироф этган эди.
Маърузанинг эълон қилинишига изоҳ берар экан, АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси раисининг ўринбосари Надин Маэнза диний эркинликни таъминлаш борасида камчилик давлатлар Ўзбекистон каби чораларни кўраётганини таъкидлади. “Давлат департаменти раҳбари томонидан Ўзбекистондаги ўзгариш ва ютуқлар эътироф этилганини кўриш қувонарли”, – деди Надин Маэнза.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этаётган Бригам Янг университети Халқаро ҳуқуқий ва диний тадқиқотлар маркази директорининг ўринбосари Элизабет Кларк ҳам Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги ютуқларини юқори баҳолади. “Ўзбекистонга диний эркинликларни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун ҳақиқатан ҳам муносиб эътибор қаратилмоқда”, – деди профессор Кларк.






