АсосийDunyo

БМТ Шимолий Кореяда одамлар очликдан ўлаётганлигини маълум қилди

'БМТ Шимолий Кореяда одамлар очликдан ўлаётганлигини маълум қилди'ning rasmi

9 июнь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Ожеа Квинтана ҳозирда Шимолий Кореяда кенг миқёсда озиқ-овқат етишмовчилиги ва одамларнинг оч қолаётгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда таржимон.уз хабар бермоқда.  

Шимолликларнинг бундай оғир вазиятга тушиб қолишларига Хитой билан чегараларнинг беш ойдан бери ёпиқлиги ва қатъий карантин чекловлари сабаб бўлган.

Шимолий Кореяда БМТнинг махсус репортёри вазифасида ишловчи Ожеа БМТ Хавфсизлик Кенгашини бу мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилигини бартараф этиш учун унга қўйилган иқтисодий санкцияларни қайтадан кўриб чиқишга чақирган.

1990 йилларда 3 миллион одам очликдан вафот этган Шимолий Кореяда ҳозиргача коронавирус тарқалгани ҳақида хабар берилмаган. Аммо, Ожеа ушбу пандемия сабаб бу мамлакат жуда оғир қийинчиликка дуч келганини таъкидлаган. Март ва апрел ойида Хитой билан савдонинг 90 фоизга камайгани Шимолий Кореяни жуда катта даромаддан маҳрум қилган.

“Шимолий Кореяда кўплаб оилалар кунига икки марта ёки бир марта овқатланишади.Баъзилар эса очликдан ўлмоқда” дейди Ожеа.

Ожеа Квинтана Шимолий Корея ҳукуматидан мамлакатга четдан келадиган инсонпарварлик ёрдамларини чекловларсиз киритилишини сўраган. У, шунингдек, оғир меҳнат,овқат етишмаслиги ва юқумли касалликлардан ўлаётган маҳбусларнинг сонини айтиб,уларни ҳозирги пандемия даврида қўйиб юборилиши кераклигини таъкидлаган.

Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти матбуот котиби Элизабет Бирснинг айтишича,Шимолий Кореядаги гуманитар вазият жуда оғирлигича қолмоқда. Ушбу ташкилот 2020 йилда мазкур мамлакатдаги 1.2 миллион одамга ёрдам беришни мақсад қилмоқда.

“Шимолий Кореяда 10 миллион одам, яъни аҳолининг 40 фоизи инсонпарварлик ёрдамига муҳтож” дейди Бирс.

    Бошқа янгиликлар