Таҳририятимизга ишловчи пенсионерлардан "Пенсионерлар учун берилган пластик картадан маблағни банкомат орқали нақдлаштириш хизмати учун комиссион тўловлар белгиланмаётганди. Маълум муддатдан сўнг комиссион тўлов олиб қолина бошланди. Пенсионерларга бу борада имтиёз бор эмасмиди?" деган мазмунда кўплаб мурожаатлар бўляпти. Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тўлов тизимлари департаментининг Тўлов инфратузилмаларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хушвақт АЗИЗОВ билан боғландик...
— Марказий банк томонидан ФАҚАТГИНА пенсионерлар учун банк карталаридаги маблағларни исталган тижорат банкига тегишли банкоматлар орқали ечишда фоиз олинмаслиги бўйича тижорат банкларига кўрсатма берилган. Банклар мустақил тижорат ташкилоти бўлиб, банкоматларга нақд пулларни етказиш ҳам маълум бир сарф-харажатларни талаб этади.
Ишловчи пенсионерларга бундай тартиб АМАЛ ҚИЛМАЙДИ. Сабаби, улар ўзи ишлаб турган ташкилотидан берилган банк карталаридан ҳам фойдаланишади. Ушбу картага ҳам ойлик иш ҳақи, ҳам пенсия маблағлари кирим қилинади.
Банкоматларга жойланадиган пул сиғими чекланганлиги ва аҳолига банкоматлардаги нақд пулларнинг узлуксизлигини таъминлаш талаб этилади. Яъни, ишловчи пенсионер катта миқдордаги нақд пулни ечиб олиши натижасида бошқа шахслар яна банкоматни тўлдириб кетишларига қадар кутиб қолишларига сабаб бўлади.
— Пенсия пули учун алоҳида пластик карталар тарқатилган-ку?!
— Ишловчи пенсионер ўз иш ҳақи тушадиган банк картасидан пенсия пулларини олиш учун очилган картага пул ўтказиб ечиб олиши эҳтимоли юқори-да. Яъни, ҳозирги кунда картадан картага пул кўчириш имконияти мавжуд. Бу ҳолда HUMO тўлов тизими карталари бўйича картадан картага пул маблағлари воситачилик тўловисиз амалга оширилмоқда. Шу боис адолат мезони бузилмаслиги учун ҳар қандай эҳтимол ҳисобга олинган.
— Шундай экан, минимал ва максимал пенсияни ҳисобга олиб, олтин ўрталикни танлаб, 1 ойда
1 марта белгиланган лимит бўйича ишловчи пенсионерларга ҳам пенсиясини банкоматдан фоизсиз ечадиган тартиб жорий қилса адолатдан бўлмайдими?
— Йўқ, ундай чеклов ўрнатиш имконияти мураккаб жараён ҳисобланади. Зарурат юзасидан бетоб бўлиб қолиши ёки фавқулодда нақд пул керак бўлиб қолиши мумкин. Дейлик, лимитидан фойдаланиб бўлган. Зарур маблағни яна қайта олиш учун эса сарсон бўлиб қолади. Бундай амалиёт жаҳонда йўқ. Банкомат нима учун керак? Одамга ҳар қадамда исталган вақтда: кечаю-кундуз фарқи йўқ, нақд пул керак бўлиб қолганда жонига оро кириш учун керак.
БАНК КАССАЛАРИ БУНДАН МУСТАСНО, ЯЪНИ...
— Шу ўринда барча пенсионерларимизга мурожаат қилиб шуни айтмоқчимизки, нақд пул ечишда банкоматлардан ташқари ўзларига тегишли банк кассаларига ҳам мурожаат этишлари ва фоизсиз нақд пул ечиб олишлари мумкин. Ишловчи пенсионерлар ҳам бу имкониятдан фойдаланиши мумкин. Ўзларига яқин бўлган ҳудуддаги банк кассаларига ташриф буюрган ҳолда банк карталаридаги маблағни нақдлаштириб олиш имкониятига эгалар.
Шунингдек, банк карталаридаги маблағлар орқали республикамиздаги мавжуд барча савдо ва хизмат кўрсатиш пунктларида ўрнатилган тўлов терминаллари орқали тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш имконияти мавжуд. Зеро Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуни 36-моддасига асосан товарлар ва хизматларни чакана реализация қилишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар тўловларнинг банк карталаридан фойдаланган ҳолда қабул қилинишини таъминлаши шартлиги белгиланган.
Шу билан бирга алоҳида қайд этиш жоизки, Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 13 майда ўтказилган видеоселектор йиғилишида қабул қилинган қарорга мувофиқ, пенсионерларнинг мурожаатлари инобатга олиниб Халқ банки томонидан бундан буён пенсия ва нафақа тўловлари карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда нақд пулда берилиши таъминланадиган бўлди.
ЭСЛАТМА!
Пенсия ва нафақа билан боғлиқ саволларингиз бўлса, кечаю кундуз ишлаётган 1106 ёки (71) 210-20-02 “Ишонч телефонлари”га қўнғироқ қилишингиз мумкин. Шунингдек, Марказий банкнинг барча ҳудудий филиалларига ҳам телефон орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
ДАРВОҚЕ...
Таҳририятимиз ҳам айнан шу мавзу бўйича савол ва эътирозларингизни ҳафтанинг душанбадан жумага қадар соат 10:00 дан 16:00 гача (+99895) 194-64-16 телефон рақами ва шу рақам орқали телеграм манзилда қабул қилинади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА