1

Сўх тумани ҳокими ўринбосари ўнлаб одамларни миллонларга "ухлатиб", Россияга қочиб кетди

ЖИНОЯТ 15.06.2020, 13:45
Сўх тумани ҳокими ўринбосари ўнлаб одамларни миллонларга "ухлатиб", Россияга қочиб кетди

Маълумки, айни пайтда туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари зиммасига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил ҳаётга татбиқ этиш, шу орқали халқимизни, оддий одамларимизни рози қилиш масъулияти юкланган. Албатта, беш қўл баробар бўлмаганидек, бу вазифани кимдир уддалаяпти, кимдир эса йўқ. Бу борада ўзининг фидокорона хизмати билан юртдошларимиз олдида юзи ёруғ бўлаётган масъулларга таҳсин айтмай иложимиз йўқ. Аммо…

Аммо зиммасидаги масъулиятдан ўз нафсини устун қўйиб, қонунни оёқости қилаётган мансабдорлар ҳам гоҳ-гоҳида учраб турибди орамизда.

Сўх туманида яшовчи Мирзонаим Восиқов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам бир ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида туман ҳокимлигида бош мутахассис вазифасида бинойидек меҳнат қилди. Бироқ ўтган 2019 йилнинг июнь ойида Сўх туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди-ю, бир ҳафта ўтмаёқ фирибгарликка қўл урди.

Гап шундаки, М. Восиқовнинг хизмат вазифаларига виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш, ижтимоий-диний масалаларни ҳал этиш киргани боис, у туман “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини ташкил этиш комиссиясининг раиси ҳисобланарди. Сўх туманидан “Умра-2019” зиёратига борувчиларнинг рўйхати шакллантирилганидан кейин айни масалада унинг эшигини қоқиб келувчилар кўпайди. Даст­лаб унга аввалдан таниган фуқаро А. Мелиев онаси билан бирга “Умра” сафарига бормоқчи эканлигини билдириб, мурожаат қилди.

— Жуда яхши ният қилибсизлар, бизни ҳам етказсин, — деди Мирзонаим хушмуомалалик билан. — Ҳужжатларни тайёрлаб, ҳаракатни бошлайверинг.

У шундай деб маҳалла фуқаролар йиғинидан бериладиган тавсиянома, тиббий кўрик хулосаси, фотосуратлар ва бошқа зарур ҳужжатларни тақдим қилиш лозимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, бўлажак ҳожидан онаси ва ўзининг номидан ариза ёздириб олди. Орадан икки-уч кун ўтиб, А. Мелиев ҳужжатларни тайёрлаб келгач эса ҳар бир киши учун 11 700 000 сўмдан тўловни амалга ошириш шартлигини айтди.

Бинобарин, бу ҳамюртимиз эртасигаёқ ўзи ҳамда онаси Б. Мелиева ҳисобига 23 400 000 сўм пулни М. Восиқовга топширди. Лекин ҳоким ўринбосари унга пул тўлаганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат бермади.

Шундан сўнг онаси ва рафиқасини Маккаи мукаррамага юбориш ниятида юрган фуқаро Б. Аъзамов ҳам ҳокимлик мутасаддисидан маслаҳат ва ёрдам сўраб келди.

— Ҳаж ва Умра тадбирлари билан шуғулланадиган хусусий агентликда танишларим бор. Хоҳласангиз, онангиз ва келинойимни ана шу агентлик орқали тезроқ ва осонроқ юборишимиз мумкин, — деди шунда Мирзонаим унинг кўнглига қўл солиб.

— Майли, қандай бўлмасин қийналмай бориб келишса бўлди, — дея розилик берди Б. Аъзамов.

Ҳоким ўринбосарига ундан ҳам 23 000 000 сўм пулни ундириш қийин кечмади. Кейин эса фуқаро З. Шарипова 12 000 000 сўм пул тўлади. Шу тариқа М. Восиқов 2019 йилнинг июнь-сентябрь ойларида ўзининг фириб тўрига яна 13 нафар фуқарони “илинтирди”. Бир сўз билан айтганда, 15 нафар кишини таниш хусусий агентлик орқали муқаддас зиёратга юборишини айтиб, уларнинг жами 180 125 000 сўм нақд пулларни қўлга киритади. Аммо ҳеч бирига квитанция ёки бирор ҳужжат бермайди. Бу эса унга жуда қўл келиб, олган пулларининг қарийб 80 000 000 сўмини турли мақсадларга сарфлайди. Жумладан, туман ҳокимининг оғзаки топшириғига биноан 6 000 000 сўмни Сўх — Риштон йўли очилиши муносабати билан йўл ёқасига катта тасвирий ойна жиҳози ўрнатилишига, 3 100 000 сўмни туман Маданият уйини жиҳозлаш ва мебель олиб келишга, 6 000 000 сўмни ўқитувчилар байрами тадбирларига, 3 000 000 сўмни ўғли С. Мирзоасқаров шаҳарда яшаган даври учун 6 ойлик ижара ҳақига, 2 000 000 сўмини 16 нафар футболчиларнинг мусобақага бориб-келиш харажатларига, салкам 10 000 000 сўмни Қўқон шаҳрида ўтказилган Ҳунармандлар фестивалида 15 кун юрган вақтида сарфлаб юборади.

Бироқ 2019 йилнинг октябрь ойига келиб, пул берган фуқаролар бирин-кетин зиёратга қачон жўнашларини сўрай бошлашади. Негаки улар вилоятнинг бошқа туман, шаҳарларида яшовчи таниш-билишларидан Умра сафарига қисқа муддатда бориб келишаётганини эшитишади-да.

Шунинг учун Мирзонаим фирибгарларга хос турли важ-карсонлар ҳамда қуюқ ваъдалар билан сўроқлаб келувчиларни тинчлантириб, алдаб юраверади. 

Буни қарангки, 2019 йил ноябрь ойи­нинг охирида “қаҳрамон”имизнинг кирдикори фош бўлади. Кейинчалик аён бўлишича, 2019 йил 25 ноябрда М. Восиқов пойтахтга — Президент Администрацияси ҳузуридаги Бошқарув академиясига ўқишга юборилади. Бинобарин, у ўша кунлари уяли телефонини ўчириб қўяди. Бу ҳолат эса алданган фуқароларнинг шубҳа-гумонларини янада оширади. Натижада жабр­ланувчилар унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишади. Ҳатто бу хусусда унинг рақамига “SMS” хабар ҳам жўнатишади. Шу боис Мирзонаим 2019 йил 29 ноябрда Россия Федерациясининг Казань шаҳрига қочиб кетади. Орадан бир неча кун ўтгандан кейингина дадасига телефон қилади, холос.

— Менга сира эсдан чиқмайдиган совға қилдинг, болам, — дейди отаси Мирзоасқар Восиқов аввал уни обдон койиб, сўкиб, хуморидан чиққач. — Хуллас, амакингдан қарз олиб, шалтоғингни тозаладим.

Дарҳақиқат, Мирзоасқар ака 180 125 000 сўм нақд пулни ўғлининг хатти-ҳаракатидан жабрланган фуқаролар ҳисобига “Агробанк”нинг Сўх филиалига топширганди. Мирзонаим бўлса шундан сўнг уйига қайтиб келади. Оқибатда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда мазкур иш жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди томонидан видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилди. Суд мажлисида айбдор қилмишига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳоким ўринбосари сифатида зиёратга борувчилардан пул олиш ваколати йўқлигини, фақатгина уларга керакли тавсияларни бериши лозимлигини, “Умра” зиёратига юбориш билан шуғулланувчи хусусий агентлик вакиллари билан таниш эмаслигини, бу ҳақдаги гапни фуқароларни ишонтириш мақсадида айтганлигини тан олди. Бинобарин, суд унинг айбига иқрорлигидан ташқари жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини ҳам инобатга олган ҳолда қонуний жазо тайинлади.

Энг муҳими, жабрланувчилар 2019 йил декабрь ойида “Умра” зиёратига бориб келишди. Зиёрат чоғида ҳожилар Мирзонаим сингари фирибгарларга инсофу тавфиқ беришини сўраб дуо қилишган бўлса ҳам ажаб эмас.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси,

Хуршид СУЛТОНОВ, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1