АсосийJinoyat

Карантин даврида қимор ўйнаганлар қўлга тушди

'Карантин даврида қимор ўйнаганлар қўлга тушди'ning rasmi

Юртимизда ҳам коронавирус пандемияси қайд этилиб, карантин эълон қилинганидан буён мутассадилар ҳар бир фуқаро мазкур карантин қоидаларига қатъий риоя қилиши зарурлигини бот-бот такрорлашмоқда. Шунга қарамай, орамизда нафақат ўзи, балки атрофдагиларнинг ҳам соғлиги, ҳаётини хавфга қўйиб, мазкур карантин меъёрларига амал қилмай, “хурмача” қилиқларини давом эттираётганлар кўплаб учраяпти. Ана шундай ҳолатлардан яна бирида Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ҳамда Кармана туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фош бўлди...

Тезкор тадбир жараёнида 60 ёшли фуқаро соат 21:00га қадар бўлган вақт оралиғида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни моддий манфаатдорлик эвазига ташкил қилгани маълум бўлди. Аниқроғи, фуқаро ўз уйида 4 нафар меҳмонларига қимор ўйнашга шароит яратиб берган. Тезкор тадбир жараёнида 324 минг сўм миқдордаги пуллар ва ўйин қарталари ашёвий далил сифатида холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.  

“ЎЙИНГА ҚИЗИҚИБ КЕТГАНИМ САБАБЛИ  ҚИМОР ЎЙНАШЛАРИГА ҚАРШИЛИК ҚИЛМАДИМ”

Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди...

— Жияним қўнғироқ қилиб, “Гўшт олгандим. Уйингизга борсам, пиширсак”, деди. Табиийки, келаверишини айтдим. Орадан кўп вақт ўтмай, жияним уч нафар шериклари билан бирга кириб келди. Овқат тайёр бўлгунга қадар, улар “олти қарта” (“дурак”) ўйинини ўйнашди. Овқатланиб бўлгандан сўнг, соат 20:30 лардан ўтганида ўйин қизиқ бўлиши учун кимдир ўйинга пул тикиб ўйнашни таклиф қилди. Ўйинга қизиқиб кетганим сабабли, уларни қарта ўйинида пул тикиб, қимор ўйнашларига қаршилик қилмадим. Уларнинг ҳар бири минг сўм ёки 2 минг сўмдан тикиб, қимор ўйнашни бошлашди. Соат 21:00 лардан ўтганидан сўнг уйимга ўзларини ИИБ ходимлари деб таништирган фуқаролик ва хизмат кийимида бўлган кишилар келишди. Бизлар ўтирган хонага киришди. Шунда шерикларим “уч қарта” қимор ўйинини ўйнаб ўтиришганини кўришди. ИИБ ходимлари икки нафар холис иштирокида даврада турган қарта ва қимор учун тикилган 324 минг сўмни далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олишди. Уйдан эски 5 дона қарта қутилари ва ўйинга тикилмаган пуллар чиқди. 

Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. 

         Алишер САЙДУЛЛАЕВ, жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Кармана туман суди судьяси:

— Судланувчи ЖК 278-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга шу моддага асосан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

                                                                                                                         Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

    Бошқа янгиликлар