1

Сирдарё вилояти ғалла режасини бажарди

ИҚТИСОДИЁТ 24.06.2020, 21:47
Сирдарё вилояти ғалла режасини бажарди

Бу йилги мураккаб ва қийин вазият, айниқса сирдарёликлар учун синовли кунлар бўлишига қарамасдан Мирза воҳаси деҳқонлари ғалла тайёрлаш режасини муваффақиятли бажардилар. Бу ҳақда вилоят матубот хизмати хабар берди.

Белгиланган марра ҳамжиҳатлик билан аниқ тартибли иш тизими йўлга қўйилгани ҳисобига жуда қисқа муддат — 17 иш кунида эгалланди.

Бу меҳнат зафарида Президентимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар, жумладан, қатъий тизим асосида моддий ресурсларни, яъни минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш материаллари ва талаб этиладиган маблағларни тўлиқлигича ўз вақтида етказиб берилганлиги, шунингдек, харид нархларининг ғалла ҳосилдорлигига қараб тўланиши ҳамда Хоразм вилоятидан ўрим комбайнлари ёрдамга юборилганлиги муҳим омил бўлди.

Вилоят бўйича 85 минг гектар майдонда мўл ғалла ҳосили етиштирилди. Вилоят бўйича 178255 тонна сара дон етиштирилиб, давлат шартномавий режаси 100,2 фоизга бажарилди. Ҳосилдорлик ўртача 58 центнерни ташкил этди.

Сув тошқинидан талафот кўрган ҳудуд бўлишига қарамасдан Мирзаобод тумани давлатга дон сотиш бўйича шартномавий режани республикада биринчи бўлиб бажарганлиги алоҳида таҳсинга сазовордир.Шунингдек, бу борада Сардоба, Ховос ва Боёвут туманларининг миришкор деҳқонлари ҳам вилоятда биринчилардан бўлиб шартномавий режаларини бажардилар.

Боёвут туманидаги «Мулло Ҳолиқул бобо», «Миришкор нафосат гулшани» фермер хўжаликлари ҳосилдорликни 85 центнерга етказиб, режани 125 фоизга уддалади.

Сирдарё туманидаги «Достон фаровон барака», «Нурли қуёшли юрт» Сайхунобод туманидаги «Қурама», «Бегали» фермер хўжаликлари гектарига ўртача 70-75 центнердан ҳосил олдилар ва улар давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалигига яратиб берилаётган имкониятдан тўғри фойдаланилса юқори натижага эришиш мумкинлигини амалда исботлаб бердилар.

Камол Алибеков, Авазбек Мирзаев, Нарзулла Элмурадов, Бахтиёр Мардиев сингари комбайн операторлари кунига 100-120 тоннадан ғалла донини ўриб-йиғиб олиб, давлат шартнома режасининг бажарилишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Ўрим-йиғим жадал давом этмоқда. Вилоят ғаллакорлари ҳосилдорликни 65 центнерга етказишни мақсад қилишган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1