1

Чортоқликлар учун “мумкин эмас” деган иборани қўллаш мумкин эмас

ЖАМИЯТ 27.06.2020, 00:26
Чортоқликлар учун “мумкин эмас” деган иборани қўллаш мумкин эмас

Қаловини топсанг, қор ҳам ёғади. Ҳозирда Наманган вилоятида бўлиб турган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Поп туманига ташрифи чоғида тадбиркорлар қирқ йиллик чўлни уч ойда боғга айлантириш мумкинлигини кўрсата олган бўлсалар, ундан кейин чортоқликлар яқин ўтмишгача “мумкин эмас” дея баҳоланиб келган тап-тақир ерларда ҳам деҳқончилик қилиш мумкин эканлигини исботлашди. “Бир жойда минг оила иссиқхонаси” лойиҳаси доирасида туманнинг “Баланд адир” ҳудудида бугун ёшлар учун 1000 та иссиқхона қурилиб, 802 таси ишга туширилди. Хўш, бу объект нимаси билан аҳамиятли?

ЛОЙИҲА ҲАҚИДА

Чортоқнинг “Баланд адир” даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган  36 гектар майдонида ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона қурилган. Лойиҳа  қиймати 13 миллиард сўм бўлиб, шундан 6,7 миллиард сўм Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллард сўмлик имтиёзли кредити асосида шакллантирилган. “Golden Nuts Namangan” агро томорқа хизмати масъулияти чекланган жамиятининг ташаббуси ҳисобланади. Замонавий кичик иссиқхоналарда сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган корхона йилига7 минг тоннасабзавот маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган. Шу кунгача қурилиши режалаштирилган 1000 та иссиқхонадан 802 тасига турли кўчатлар экилиб, шу аснода 802 та камбағал оилалар ва ёшлар иш билан таъминланган. Лойиҳа битиши билан иссиқхоналар сонига ҳамоҳанг равишда 1000 та оила иш билан таъминланади.

НИМАСИ БИЛАН АҲАМИЯТЛИ?

Аҳад ЭГАМБЕРДИЕВ, “Golden Nuts Namangan” МЧЖ раҳбари:

Бу лойиҳанинг аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, уни амалга оширишдан ҳамма манфаатдор бўлади. Биз қурган ҳар бир иссиқхона яқин ҳудудларда истиқомат қилувчи маҳалла ташкилотлари томонидан камбағал дея баҳоланаётган оилалар ва ишсиз ёшлар учун даромад манбаи, корхонамиз учун эса логистик жиҳатдан жуда қулай ва яқин бўлган ҳом ашё базаси ҳисобланади.Корхонамиз томорқа маҳсулотларини консервациялаш ва экспорт қилишга ихтисослашган. Охирги вақтларда хориж билан шартномаларни бажаришда қийиниликларга дуч келяпмиз. Маҳсулотларимизга қўшни Қозоғистон ва Россия давлатларида талаб бор. Биз эса бу талабни тўлиқ бажаришга улгурмай қолдик. Сабаби хом ашё билан муаммоларимиз бор эди. Шу сабабли ҳокимиятга мурожаат қилдик ва ер ажратишларини сўрадик. Бизга шу лойиҳани таклиф этишди. Бажонидил қабул қилдик.

 

ТИЗИМ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Компаниямиз помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа полиз экинлари кўчатларини иссиқхоналарга бириктирилган оилаларга етказиб беради. Ҳосил тайёр бўлгач, бозор нархида яна ўзимиз сотиб оламиз ва қайта ишлаб, хорижга экспорт қиламиз. Бундан ҳамма ютади. Биз ҳам хориж билан имзоланган шартномаларни бажариш имконига эга бўламиз, камбағал оилалар эса қўшимча даромадни қўлга киритади.

 

Сайтимизни кузатишда давом этинг. Кейинги хабарларимизда мазкур лойиҳа доирасида сизлар учун фойдали бўлган маълумотлар тақдим этамиз. 

 

Сардорбек Раҳмонқулов

 

Бироз аввал Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи ҳақида хабар қилган эдик.

Мавзуга оид:

  1. 40 йиллик ташландиқ ер 3 ойда серҳосил майдонга айланди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1