1

Оҳангаронда юк машнасидан келиб чиққан ёнғин сабаб кўп қаватли уйнинг ёниб кетиши бўйича тафсилотлар маълум қилинди (видео+фото)

ЖАМИЯТ 29.06.2020, 09:01
Оҳангаронда юк машнасидан келиб чиққан ёнғин сабаб кўп қаватли уйнинг ёниб кетиши бўйича тафсилотлар маълум қилинди (видео+фото)

Аввал хабар қилганимиздек, кеча, 28 июнь куни соат 14:10ларда Оҳангарон шаҳрида кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида катта ёнғин келиб чиққан. 

Айни пайтда Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати ушбу ҳодиса тафсилотларини маълум қилди. Келтирилишича,  Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган ҳайдовчи Ш.У. ўзининг бошқарувидаги «ЗИЛ-130» русумли юк автомашинасини Тошкент шаҳридан Ангрен шаҳрига йўловчисиз ва юксиз бошқариб бораётган бўлган. Оҳангарон шаҳрининг А.Темур кўчаси «Гулистон» МФЙ ҳудудида жойлашган 3-сонли кўп қаватли уйнинг рўпарасига етганида, автомашина қўл тормозининг ички қисмида ёнғин келиб чиққанлигини пайқаб, автомобилни тўхтатишга уринган, аммо, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонига ўтиб кетган. Автомашинани тўхтатолмай кўп қаватли уйнинг ёнида ҳайдовчи ва йўловчисиз тўхтаб турган хусусий корхонага тегишли «Дамас» русумли транспорт воситасига бориб урилган.

Натижада автомашиналар тўлиқ ёниши оқибатида, ёнғин 3-сонли кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган, енгил тамаддихона, озиқ-овқат ва хўжалик моллари ҳамда канселярия дўкони ва дорихоналарга, шунингдек, ушбу дўконларнинг ертўлаларига ўт кетган. 

Келиб чиққан ёнғинни бартараф қилишга жами 7 та ёнғин ўчириш махсус машиналари жалб қилиниб, соат 15:00 да ёнғин тўлиқ бартараф қилинган.

Мазкур ёнғин натижасида «ЗИЛ-130» русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси Ш.У. куйиш жароҳати билан Оҳангарон туман марказий шифохонасига мурожаат қилган ва унга ўнг оёқ болдир, ўнг қўл кафт соҳаларида I-II даражали термик куйиш ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Оҳангарон шаҳар ҳокимининг фармойиши асосида етказилган моддий зарар миқдори ва уларни бартараф қилиш борасида махсус комиссия тузилиб, ҳодиса жойида штаб ташкил қилинган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1