1

"Нега прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари биз айбдормиз, деб чиқмади?" Президент Андижон ва Чироқчидаги воқеаларга тўхталди

ЖАМИЯТ 30.06.2020, 22:20
"Нега прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари биз айбдормиз, деб чиқмади?" Президент Андижон ва Чироқчидаги воқеаларга тўхталди

Аввал хабар қилганимиздек, бугун,  30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича, инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

"Албатта, бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.

Лекин, халқимиз суд-ҳуқуқ тизимидан рози, дейишга ҳали эрта.

Биринчидан, биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик.

Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак.

Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози.

Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар Холмахматов, Фозилов, Таджиев, 
ички ишлар раҳбарлари Собиров, Тасбаев, Сатволдиев бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларни билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар?

Бу каби нохуш ҳолат такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди? 

Минг афсус билан айтиш керак, сизлардаги лоқайдлик ва билимсизлик ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда", — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, маълум қилинишича, ҳозирда ушбу жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқда. 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди, яна 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1