1

Олий суд раиси ва бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқи бекор қилинади

СИЁСАТ 30.06.2020, 22:24
Олий суд раиси ва бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқи бекор қилинади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда таъкидланишича, 2018—2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.

«Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!» — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, жорий йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.

Шунингдек, 2019 йилда иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Бу ҳар икки шикоятдан бири бўйича туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.

Мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1