1

Бугун Давлат герби қабул қилинган кун. У ҳақда нималарни биламиз?

ЖАМИЯТ 02.07.2020, 09:42
Бугун Давлат герби қабул қилинган кун. У ҳақда нималарни биламиз?

1992 йилнинг 2 июль кунида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунга имзо чекканди.

Шундан эътиборан давлатимиз герби тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида ҳамда қонунда белгиланган бошқа ҳужжатлардан жой олмоқда. 

Ўзбекистон герби давлатимиз чегараларида ўрнатилган.

Давлат гербидаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги чуқур рамзий маънога эга. Баланд тоғлар орасидан оқаётган дарёлар – ҳаёт боқийлиги рамзи бўлса, гербнинг сўл томонидаги буғдой бошоқлари ризқ-рўзимиз бутунлигини, ўнг томонидаги қийғос очилган пахта юртдошларимиз қалби, нияти поклигини, беқиёс бойликларни акс эттиради. 

Гербнинг юқори қисмида мамлакат жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Мусамман ичидаги ярим ой – қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради. Бу тимсоллар миллий анъана ва қадриятларимизнинг боқийлиги, маънавиятимиз юксаклиги, ирода ва эътиқодимиз мустаҳкамлиги рамзи ҳисобланади. 

Давлат гербида гуллаган водий узра нур сочаётган қуёш тасвири заминимизнинг серқуёшлигига, халқимиз интилаётган нурафшон манзилларга ишорадир. 

Гербнинг марказидаги қанотларини кенг ёйиб турган Ҳумо қуши қадимдан бахт ва давлат қуши, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган. Ҳазрат Алишер Навоий “Лисонут-тайр” достонида Ҳумони бахт ва иқбол, эзгулик ва улуғворлик келтирувчи қуш сифатида тасвирлаган. 

Давлатимиз гербининг пастки қисмида, байроғимизни эслатувчи чамбар бандида зарҳал ҳарфлар билан барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган “Ўзбекистон” сўзи битилган.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунда ҳам мамлакатимиз фуқаролари, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча шахс давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шарт экани белгилаб қўйилган. 2010 йил 25 декабрдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда давлатимиз гербидан фойдаланиш қоидалари янада мустаҳкамланган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1