1

Россияликларнинг кўпчилиги Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади.

ДУНЁ 02.07.2020, 22:03
Россияликларнинг кўпчилиги Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади.

 Россияликларнинг кўпчилиги Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади. Бу борада Кун манбаларга асосланган таҳлилларни келтириб ўтди.

Россия конституцияга киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар қаторида кўплаб бўлимлар мавжуд. Масалан, меҳнат муҳофазаси, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги муносабатлар, Россия суверенитети каби боблардаги ўзгаришлар. Аммо янги ўзгаришларнинг жуда шов-шувли бўлишига олиб келган таклиф бу – президентлик муддатларини ноллаштириш. Яъни, шу вақтгача бўлган муддатларнинг барчасини бекор қилиш. Энди Путин 2024 йилдан кейин ҳам яна икки муддат президентликка ўз номзодини қўйиши ва 2036 йилга қадар ҳокимиятда қолиши мумкин бўлади.

Натижалар
Марказий сайлов комиссияси Россия Федерацияси Конституциясига тузатишлар киритиш бўйича умуммиллий овоз бериш натижаларини эълон қилди. Протоколлар 100 фоиз ҳисоб-китоб қилиб чиқилганидан кейин, референдумда қатнашганларнинг 77,92 фоизи ўзгартиришларни ёқлагани, 21,27 фоизи эса қарши бўлганини билдирди.

МСК раиси Элла Памфилованинг маълум қилишича, сайловда давомат 65 фоизни ташкил этган. Бу 1993 йилдаги Конституция бўйича референдумдагидан яхшироқ, ўшанда давомат 54,8 фоизни ташкил этган ва сайловчиларнинг 58,4 фоизи Конституцияни маъқуллаганди.

Тузатишлар президент фармони билан кучга киради. Конституцион қонунчилик бўйича Федерация кенгаши қўмитаси раҳбари Андрей Клишаснинг маълум қилишича, МСК натижаларни эълон қилгач, президент Конституцияга тузатишлар киритиш тўғрисидаги фармонини имзолаши мумкин бўлади.

Деярли барча регионлар «ҳа» деди
Асосий қомусга ўзгартиришлар деярли барча ҳудудлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ненец автоном округи овоз берувчиларнинг кўпчилиги тузатишларга қарши овоз берган ягона регион бўлган.

МСК сайти маълумотига кўра, бу ҳудуддаги сайловчиларнинг 55,25 фоизи конституцияга ўзгартиришлар киритилишига қарши чиққан, 43,78 фоизи қўшилган. Бу ҳудудда давомат 58,28 фоизга тенг бўлган.

Шунингдек, Лондон, Нью-Йорк, Берлин, Вена ва Париждаги консулхоналарда ташкил этилган сайлов участкаларида ҳам кўпчилик тузатишларга «йўқ» деган.

Ижтимоий тармоқда Якутск мэри Сардана Авксентьева билан боғлиқ воқеа муҳокама қилинди. Мэр тузатишларга қарши бўлиб овоз берган. Аммо интернетда у «ҳа» дегани кўрсатилган фотошоп тарқалди. Кейинроқ унинг матбуот хизмати оригинал суратни намойиш этди ва унда мэр «йўқ»ни белгилаганини кўриш мумкин.

«Сайланган мэр қандай қилиб тузатишлар учун овоз бериши мумкин, бу тузатишлар мэрлар сайланишини бекор қиладику? Бу камида ўз оёғига ўқ отиш билан баробар», дея қайд этган у. 

Ҳисоб-китоблар давомида Коми Республикасида ҳам «йўқ» деганлар кўпчиликни ташкил этаётгани маълум бўлганди, аммо кейинроқ натижалар ўзгарди. Протоколларнинг 6 фоизи ҳисоблаб чиқилган вақтда тузатишлар тарафдорлари 31,01 фоизни, қаршилар эса — 68,02 фоизни ташкил этаётганди, аммо протоколларнинг 20 фоизидан ортиғи ҳисоблаб чиқилганидан кейин натижалар «ҳа» деганлар фойдасига 67,42 фоизга 31,59 фоиз кўринишида эди. Якунда комилик сайловчиларнинг 65,08 фоизи тузатишларни ёқлаб овоз бергани, 33,94 фоиз киши қарши бўлгани ойдинлашди.

Шунингдек, Омск, Мурманск ва Архангельскда ўзгартиришга қаршилар нисбатан кўпчиликни ташкил этгани кузатилган: бу ҳудудларда 40 фоизга яқин киши қарши овоз берган.

Ўз навбатида, Чеченистон, Доғистон, Тива ва Мордовияда фаоллик кузатилган. Чеченистонда давомат 95 фоиздан ортиқ бўлган, сайловчиларнинг 97,92 фоизи (712 мингдан ортиқ сайловчи) тузатишларга «ҳа» деган. Тива Республикасида давомат 92,8 фоиз, тузатишларни ёқловчилар 96,79 фоизни ташкил этган. Қримда 90,07, Доғистонда 89,19 ва Ямало-Ненецкий автоном округида 89,19 фоиз сайловчи тузатишларни маъқуллаган.

Икки ҳудудда овоз бериш онлайн ўтказилди. Москва ва Нижегородская областида 25-30 июнь кунлари электрон овоз беришдан фойдаланилди. Унинг натижаларига кўра, пойтахтдагиларнинг 62,33 фоизи, Нижегородскаядагиларнинг 59,69 фоизи тузатишларга розилик берган, мос равишда 37,67 ва 40,31 фоиздан киши тузатишларга қаршилигини билдирган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1