АсосийSiyosat

Тадбиркорларга ер ва бино-иншоотлар ажратишни электрон аукционга чиқариш жараёнларини жонлантириш вазифаси қўйилди.

'Тадбиркорларга ер ва бино-иншоотлар ажратишни электрон аукционга чиқариш жараёнларини жонлантириш вазифаси қўйилди.'ning rasmi

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Ўтган йилда рўйхатдан ўтган тадбиркорларнинг, яъни, янги бизнес субъектларининг 23 мингтаси ёки 24 фоизи бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти. Масъул раҳбарлар улар билан мулоқот қилиши, тез фурсатларда уларни ишга тушириш чоралари кўрилиши белгиланди.

Бунда тадбиркорга кўпроқ шароит яратиб бериш, жумладан, электр, газ, сув таъминоти, йўл, кредит билан боғлиқ масалаларни ечиб бериш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Фаолият бошлаётган кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизимини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Бунда тадбиркорни махсус курсларда ўқитиш, субъектни рўйхатдан ўтказиш, асбоб-ускуна сотиб олиш харажатларининг бир қисмига грант ажратиш назарда тутилади. Ушбу тизимнинг вертикал ижросини таъминлаш учун ҳозирда фақат республика даражасида фаолият юритаётган Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ишини тумангача тушириш лозимлиги қайд этилди.

Хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун энг қулай, кўп ва юқори даромадли иш жойлари ташкил этиш мумкин бўлган 31 та ўрта шаҳарларда инфратузилмани яхшилаш, ер ресурслари ва бино-иншоотлардан тўғри фойдаланиш, режалаштириш, бошқарув ва жамоат транспортини тўғри ташкил этиш аҳоли даромади ўсишига кескин туртки беради.

Ушбу шаҳарларни хизмат кўрсатиш марказларига айлантириш, бунинг учун шаҳар раҳбарларига тизим яратиш ва аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Кейинги йилларда солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ чоралар кўрилиши натижасида бизнес ихтиёрида 2019 йилда 12 триллион сўм қолди, 2020 йилда яна 11 триллион сўм маблағ қолиши кутилмоқда. Энди янги вазифа, яъни, “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилди.

Шунингдек, 1 июлдан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Ушбу янгилик орқали жорий йилнинг биргина учинчи чорагида тадбиркорларга 700 миллиард сўмни айланма маблағ сифатида ўзида қолдириш имконияти яратилмоқда.

Шу муносабат билан, мутасаддиларга ушбу янги тизим имкониятларини барча тадбиркорлар эътиборига етказиш ва ижросини барча ҳудудларда самарали ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Ундан ташқари, Президент жойларда ҳалигача тадбиркорларга ер ва бино-иншоотлар ажратишда кўплаб тўсиқлар мавжудлигини кўрсатиб ўтди. Буларни очиқ савдога, электрон аукционга чиқариш жараёнларини жонлантириш вазифаси қўйилди.

– Соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак, телевидение ва ижтимоий тармоқларда буни кенг ёритиб бориш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Бошқа янгиликлар