АсосийJinoyat

Хорижий ОТМ дипломини нострификация қилиб бериш учун 2 800 АҚШ доллари олган шахс қўлга тушди

'Хорижий ОТМ дипломини нострификация қилиб бериш учун 2 800 АҚШ доллари олган шахс қўлга тушди'ning rasmi

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ходими дипломни нострификация қилиш учун 2800 АҚШ доллари олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Д. фуқаро И.Х.нинг Қирғиз-Ўзбек университетини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломини танишлари орқали нострификация қилдириб бериш эвазига 800 АҚШ доллари ва 1,9 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фуқаро М.Д.нинг пушаймонлик аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро М.И. 1 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, фуқаро М.И.нинг пушаймонлик аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилганда, фуқаролар А.И. ва Ж.М.лар олдиндан келишилган 5 нафар фуқароларни хориж давлатлари университетларини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломларини танишлари орқали нострификация қилдириб бериш эвазига 8 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Жиноят устида қўлга тушган фуқаро Ж.М.нинг пушаймонлик аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ёрдамчиси Н.Ш. фуқаро Ж.М.дан олдиндан келишилган 2 нафар фуқароларни хориж давлатлари университетларини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломларини нострификация қилиб бериши эвазига 2 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Д. ва М.И.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан, фуқаролар А.И. ва Ж.М.ларга ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан, Инспекция бошлиғи ёрдамчиси Н.Ш. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар