"Ўзбекистонда коронавирус симптомидаги бошқа касаллик тарқалдими?" Журналист масъуллардан аниқ жавоб сўрамоқда

ЖАМИЯТ 13.07.2020, 07:43
"Ўзбекистонда коронавирус симптомидаги бошқа касаллик тарқалдими?" Журналист масъуллардан аниқ жавоб сўрамоқда

Журналист Барно Султонова коронавирусга тест топшириш жараёни ва касалликдан ҳимояланмаган иш тизимини танқид қилди:

"Оилавий грипп бўлганимизга мана 14 кун бўлади. Ҳали қутулолганимиз йўқ. Учинчи ёки тўртинчи куни Чилонзордаги СЭСга анализ топширишга бордик.

Паспортимизни ўша ердаги ошхонага ўрнатилган ксерокопияда нусхалатдик. Шундоққина ошхонага киришда. Тасаввур қилаяпсизми, бу ксерокопиядан нечта ковид бўлган одамнинг паспорти нусхаланганини. Одамлар бир-бирига жуда яқин турибди. Навбат жуда катта. 3, 4 кундаям жавоби чиқмаганлар асабийлашиб, жиғибийрони чиқиб ортига қайтаяпти ва ниҳоят бизнинг ҳам навбатимиз келди. Амаллаб анализ топширдик, охирги лаҳзаларда. Ковиднинг жавоби тўрт кун деганда чиқди.

Шу тўрт кун ичида бошимиздан ўтгани майли, кўнглимиздан нималар кечганини ўзимиз биламиз. Барчамизда ҳарорат тушади, чиқади. Томоқда қичишиш, ҳолсизлик, мушакларда оғриқ. Учинчи куни ҳаммамиз таъм ва ҳид сезишни йўқотдик. Хуллас, 4 кун деганда жавоби чиқди — манфий. Биз жуда хурсанд эдик. Гарчи ҳали аҳволимиз енгиллашмаган бўлса-да, ҳамон шунча даво чораларини кўраётган бўлишимизга қарамай, на оғирлашмаган на енгиллашмаган бўлсак-да, касаллик ковид эмаслигидан хурсанд эдик.

Лекин мана орадан 10 кун ўтди. Ҳалиям таъм билмаяпмиз, ҳид билмаяпмиз. Тўғри, иссиғимиз кўтарилмаяпти, аммо ҳолсизлик, чарчоқ давом этмоқда. Ҳаммамиз озиб кетдик, кўзларимизнинг таги чуқурлашиб қорайиб кетди...

Интернетда 20 дан ортиқ видео кўрдим, мақолаларни ўқидим. Бизда айнан ўша симптомлар кузатилди — мушак оғриғи, таъм билмаслик, ҳид билмаслик, томоқ қичиши, қуруқ йўтал, ҳатто ўғлимда баъзи манбаларда айтиланидек, диарея кузатилди.

Яна бир гап. Биздан учта ўрин олдинда топширганларнинг биридан ковид чиқибди. Жавобини билишга борганимизда эшитдик. Унинг қоғозларини олиб кетишга келган шериги  аёл шундай деди: «Ковид чиққан бўлса, нега ҳеч ким хабар олмаяпти, иссиғи тушмаяпти», деди. Тасаввур қилаяпсизми, ковид чиққан ўша инсоннинг паспортини ҳамширалар ушлаб регистрация қилган, ундан кейин навбатдаги бошқа одамларнинг паспортини ушлаган, демак яна бир нечта одамга ковид юққан бўлиши мумкин.

Аптекаларда бир неча бор кузатдим. Ҳамма «арбидол», «эргоферон», «парацетамол» каби дориларни тўхтовсиз олишмоқда. Улардан сўрасам гриппмиз дейишди. Лекин бирор жойда Ўзбекистонда шунақа грипп ҳам тарқагани ҳақида мутахассислар огоҳлантиришлар билан чиқмади? Деярли ҳаммада ковиднинг симптомлари кузатилмоқда. Айнан шундай. Шунча йил грипп бўлиб, ҳали бунақасини кўрмаганмиз. Ҳалиям ўзимизга ўзимиз «бу нима эди» деб ҳайратланаяпмиз.

Яна бир хавотирли статистика қайд этилишича, жорий йил июнь ойи ўрталарида Қозоғистоннинг Чимкент, Оқтўбе ва Атирау вилоятларида зотилжамнинг номаълум тури билан касалланиш ҳолати сезиларли даражада кўпайган. Бу борада ўлим кўрсаткичи COVID-19дан ҳам каттароқ. Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг биринчи ярмида Қозоғистонда зотилжамдан 1772 киши вафот этган. Июнь ойининг ўзида эса 628 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Ҳозир ҳеч кимнинг бўйнига ҳеч нарсани қўя олмаймиз. Шифокорлар вақтида келмади, деб жар сололмаймиз. Уларнинг жавоби тайёр — «бемор кеч мурожаат қилгани учун оғирлашди», «уйида ўзини ўзи даволади», «қўшимча касалликлар мавжуд эди» ва ҳок. Дод десангиз ҳам, вой десангиз ҳам сизни эшитадиган одам йўқ.

Поликлиникаларга чиқсангиз, баҳонаси карантин ёки иссиғи чиққан бемордан ёвдан қочгандай қочишади. Тез ёрдамни чақирсангиз келмайди ёки парацетомол билан иссиқни туширишни маслаҳат беради. Тест топширай десангиз 4-5 кунда жавоби чиқади, ковид юқтирган одам жавоби чиққунича ё у ёқлик, ё бу ёқлик бўлади. Пуллик тестлар бир оилада, айтайлик, тўрт ёки беш киши топширса нархи бир миллиондан ошиб кетади. Усиз ҳам карантинда ишсизликдан қийналиб ўтирган одамлар таваккал қилишдан, ҳеч қаерга мурожаат қилмасдан уйда ЎЗ БИЛГАНИЧА даволанишдан бошқа чора кўрмайди. Ва бунинг оқибатида уйда даволанаётган, оғирлашгач шифохонада вафот этаётган беморлар сони кўпайгандан кўпаяверади.

Мутахассислардан жавоб кутиб қоламиз, аҳоли орасида кенг тарқалаётган, ковидга айнан ўхшаш симптомлар билан кечаётган грипп — ковид бўлмаса, нима???"

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1