1

Бухорода Халқ қабулхона вакиллари ҳамда депутатлар ўртасида ўзига хос ҳамкорлик тизими яратилди

ЖАМИЯТ 13.07.2020, 16:26
Бухорода Халқ қабулхона вакиллари ҳамда депутатлар ўртасида ўзига хос ҳамкорлик тизими яратилди

Бухоро вилоятида Халқ қабулхонаси билан сиёсий партиялар, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлар ўртасида ўзига хос ҳамкорлик тизими яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Қудратовнинг таъкидлашича, бу тизимга мувофиқ, Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар асосида депутатлар ўзлари сайланган округдаги мавжуд муаммолар ҳақида маълумотларга эга бўлиб боришмоқда.

Бу ишларни амалга ошириш учун барча депутатлар ва Халқ қабулхонаси ходимларидан иборат интернет гуруҳи ташкил қилинди. Мазкур гуруҳ орқали депутатлар ҳар бир мурожаатдан электрон тарзда хабардор қилиняптилар. Хабарда мурожаатчи, унинг яшаш манзили ва телефон рақами, ариза мазмуни ҳамда ижрочи ташкилот тўғрисида маълумотлар бор. Мазкур хабар бўйича тушган далиллар асосида депутатлар ижрочи ташкилот билан ҳамкорликда ўз ваколатлари доирасида мурожаатни ҳал қилиш, ўрганиш жараёнларида иштирок этишяпти.

Мисол учун, Вобкент туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Фатуллаевнинг уй-жойини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб Президент Халқ қабулхонаси қилган мурожаати туман Халқ қабулхонаси мудири М. Мустафоев, Халқ депутатлари тумани кенгаши депутатлари Ў.Бобоқулов ҳамда М.Ҳалимовлар ҳамкорлигида ўрганилиб, Ҳ.Фатуллаевга қурилиш материаллари олиб берилиб, ҳашар йўли билан уй-жойларини таъмирлаб бериш чоралари кўрилди. 

Маълум қилинишича, Халқ қабулхоналарига келиб тушган 6 мингга яқин мурожаатнинг 70 фоизи Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сектор раҳбарлари ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қаноатлантирилди.

Яна бир яхши тажриба хусусида.Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессиясида ҳар бир депутатга ўн нафардан ишсиз ёшлар бириктирилиб, йил давомида уларни ишга жойлаштириш топширилди. Шу тариқа депутатлар ёшларни оталиққа олиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатмоқдалар,ишсизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларида кўмаклашмоқдалар.

Бугунги синовли кунларда депутатлар хайр-саховат ишлари билан ҳам шуғулланмоқда.Шу билан бирга ишсиз қолган аҳолини ўйлаб, қўшимча иш ўринлари яратмоқда. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати, «Шоҳруд» ҳиссадорлик жамияти раҳбари Нодир Ҳамдамов ана шундай инсонлардан бири. У яна бир эзгу ишга қўл урди. «Саховатлимиз, иш ўрни яратамиз!» акцияси доирасида иш ўрнини йўқотган 25 нафар кишининг бандлигини таъминлади.

У бунга айни синовли кунларда антисептик воситалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали эришди. Депутат яқин келажакда камида 50 нафар кишини доимий иш билан таъминлаш ниятида.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, «Парвоз Хумо Равнақ Транс» масъулияти чекланган жамият раҳбари Нурмухамед Ачилов ҳам мана шундай саховатпеша тадбиркорларимиздан. У вилоятимизнинг чегара ҳудуди бўлмиш Олот туманида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 1849 та оилани ўз оталиғига олди. Ушбу оилаларнинг жисмоний меҳнатга қобилиятли бўлган вакилларини иш билан таъминланмоқда. Аниқроғи, «Парвоз Хумо Равнақ Транс» МЧЖга қарашли боғнинг қатор орасига сабзавот ва полиз экинларини экиш орқали ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг олди олинмоқда, ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари даромад манбаига эга бўлишмоқда. Шу оилаларнинг меҳнат қилиш имконияти чекланган вакилларини эса озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масъулиятини Нурмуҳамед Ачилов ўз елкасига олган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1