1

Самарқандда 72 ёшли ота ўз ўғлининг қотилига айланди...

ЖИНОЯТ 14.07.2020, 21:59
Самарқандда 72 ёшли ота ўз ўғлининг қотилига айланди...

Сўнгги вақтларда бундай хабарлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Эшитган кишини эса ларзага солмай қўймайди. Қуйидаги воқеа ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Бирни кўриб фикр қиламиз, бирни кўриб шукр...

7 нафар фарзанднинг отаси 2020 йил 21 февраль куни туш вақтида ўғли билан бирга Самарқанддаги ошхоналардан бирида бирга спиртли ичимлик истеъмол қилишади. Сўнг маст ҳолатда уйга қайтишади. Ўғил ўзи билан олиб келган “ароқ”ни ичиш вақтида отаси билан ўзаро оғзаки тортишиб қолишади.

Шундан сўнг, ота ўзаро жанжал давомида ўғли томонидан ўзига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатилганидан ғазабланади. Ундан нафратланиб, ўғлининг оғир даражада мастлиги сабабли, ўзининг ҳаётига нисбатан бўлаётган тажовузга қаршилик кўрсата олмаслигини англаб, уни қасддан ўлдиришни режалаштиради.

Ота ўғлини қасддан ўлдиришга қаратилган мақсадини амалга ошириш учун, унинг мастлигидан фойдаланади. Ошхона пичоғини олиб, ўғлининг ёнига бориб, дастлаб бўйин соҳасига қўлидаги пичоқ билан зарба берган. Ушбу зарбадан ўғлининг қаттиқ азобланаётганини кўриб, унга янада азоб бериш ва жиноий мақсадини охирига етказиш учун қўлидаги пичоқ билан унинг бўйин, юз ва бош соҳаларига кўплаб зарбалар бериб, қасддан ўлдирган...

                                                    “ЎҒЛИМНИ ЎЛДИРГАНИМНИ АЙТДИМ...”

Судда сўроқ қилинган судланувчи қўйилган айбга иқрорлик билдирди...

— Ўша куни катта қизимнинг туғилган кунини нишонлаш учун ўғлим ижарага олиб ишлатиб келаётган ошхонада зиёфат уюштиргандик. У ерда ўғлим билан бирга ароқ ичдик. Сўнг соат тахминан 16:00 да ўғлим билан бирга уйга келдик. Ўша куни уйда мен ва марҳум ўғлимдан ташқари келиним фарзандлари билан ўзларининг хонасида эди. Ўғлим ўзи билан бирга ярим шиша ароқ олиб, ёнимга кириб келди. Бирга яна ичдик, сўнг ўғлим хонадан чиқиб, бироздан сўнг яна бир шиша ароқ олиб келди. У ароқни ҳам бирга ичдик. Шу вақти ўғлим мени айтишга ҳам тил бормайдиган сўзлар билан ҳақорат қилди. “Сени ўлдираман”, дея хонадан чиқиб, ҳовлида бир нималарни излай бошлади. Ётган хонамга кириб, яна ўша гапини қайтариб, ҳақорат қила бошлади. Жаҳлим чиқиб, кроват ёнидаги столдан ошхона пичоғини олиб, ўғлимни олдига бордим. Ўғлимни юзига тан жароҳат етказдим... Ўғлим тик турган ҳолатда хонада турган стул устига ўтириб қолди. Шундан сўнг нима бўлганини эслолмайман... 

Бироздан сўнг ўғлим хонанинг полига йиқилиб тушди. Жойимга бориб ўтириб, баланд овозда хотинимни чақира бошладим. 20-25 дақиқа ўтгач, хотиним зиёфатдан бошқа ўғлим билан қайтиб келишди. Хотиним қаттиқ ҳаяжонланиб “нима бўлди?” деб сўради. Ўғлимни ўлдирганимни айтдим...

Ҳозирда қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман...

 

 Ўткир МАМАДАЛИЕВ, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари:

—  Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг очиқ суд мажлиси ўз биносида мазкур жиноят ишини кўриб чиқди. Судланувчининг айби ўзининг айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари, суд мажлисида текширилган далиллар билан тўлиқ ўз исботини топди. 

Судланувчига ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,ж” бандлари билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

                                                                                                                         Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1