Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу йилнинг 9 июль куни Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи 35 ёшли С.С. (эркак) “COVID-19” нинг оғир кечиши ташхиси билан вафот этгани ҳақида хабар қилганди.
"Жорий йил 28 июнь куни томоғида оғриқ сезган, нафас йўллари яллиғланган. Аммо ҳеч кимга мурожаат қилмай, уйида ўзича даволанган. 2 июль куни соғлиғи ёмонлашавергач, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Унда “COVID-19” тасдиқланган ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга “COVID-19” оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас, юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, семизлик ва сурункали пиелонефрит каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Бироқ шифокорларнинг реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган" дейилганди ССВ хабарида.
Бугун "Дарё" нашри ёзишича, марҳумнинг исм-шарифи Сенжар Саломов бўлиб, у Музработ тумани ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлими бошлиғи лавозимида иш юритган.
Маълум бўлишича, ҳокимлик ходими Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот берган кун (9 июль)дан бир неча кун олдин ҳаётдан кўз юмган.
Санжар Саломов коронавирусдан вафот этган Сурхондарёдаги учинчи, Ўзбекистондаги 51-бемор бўлганди.
Фото: daryo.uz






